Ўзбекистон | 14:35 / 04.11.2024
2683
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади

Бу ҳақда президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов маълум қилди. Икки томонлама музокаралар 14 ой давом этган.

Фото: Азизбек Урунов / LinkedIn

Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича АҚШ билан 14 ой давом этган икки томонлама музокаралар якунланган.

«Жудаям самарали ҳафта бўлди, АҚШ билан Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича икки томонлама музокараларни якунладик.

14 ой давом этган фаол музокаралар мантиқий манзилига етди!

Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ушбу ташкилотга қўшилиш борасидаги кўрсатмалари ва қўллаб-қувватлашлари, президентимиз ёрдамчиларининг ислоҳотларни фаоллаштиришдаги саъй-ҳаракатлари, бир бутун ЖСТ жамоасининг тинимсиз меҳнати натижасидир», дея ёзди Урунов ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида.

Аввалроқ, Ўзбекистон 18 давлат билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлагани хабар қилинганди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш сари қадамлари

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди. Ундан кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида, шунингдек, 2024 йил май ойида ишчи гуруҳ йиғилишлари бўлиб ўтди. Шу билан жами Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш бўйича 8 та йиғилиш ўтказди.

Май ойидаги йиғилишда Ўзбекистонда илк бор ташкилотга аъзо бўлиш муддати борасидаги мақсадини эълон қилди. 2026 йил Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид