Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
АҚШнинг БМТдаги ветоси
Америка Қўшма штатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашида тўртинчи бор муҳокама этилган Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, маҳбусларни озод қилиш ва очарчиликнинг олдини олиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасига яна вето қўйди.
15 давлат аъзо бўлган Хавфсизлик Кенгашига резолюция лойиҳаси 10 та сайланган давлат — Жазоир, Эквадор, Гайана, Малта, Мозамбик, Жанубий Корея, Сиерра Леоне, Словения ва Швейцария томонидан тайёрлаб киритилган.
Ҳар доимгидек, АҚШ резолюция лойиҳасига вето қўйган. Қолган 14 давлат резолюцияни маъқуллаб овоз берган.
Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган айрим давлатлар АҚШнинг ветосига муносабат билдирган.
Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Фу Конг овоз бериш натижаларидан ҳафсаласи пир бўлганини маълум қилди. Фу Конг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 10 та сайланган аъзоси резолюция лойиҳасини катта самимийлик ва конструктивлик билан тузганини қайд этиб, «АҚШнинг ветоси Ғазо аҳлининг тирик қолишга бўлган умидларини чилпарчин қилиб, уларни янада зулматга улоқтирди», деган.
Эрдўған Байденнинг изни ҳақида
Туркия АҚШ томонидан Украинага тактик ракета комплексларидан Россия ҳудуди ичкарисига зарбалар беришга рухсатни маъқулламайди ва буни нотўғри деб ҳисоблайди, деган Ражаб Тоййиб Эрдўған.
Бизнингча, Украина-Россия уруши кўп курол-яроғлар, кўп қон тўкилиши, кўп кўзёшлар эмас, кўпроқ тинчликка ҳаракат, кўпроқ истак ва кўпроқ дипломатия билан тугаши керак, деб ҳисоблаймиз.
Энди жаноб Байден томонидан ташланган ушбу қадам урушни янада ёйиш, уни ҳеч қачон тугатмаслик, дея талқин қилиниши мумкин.
Туркия президентига кўра, Байденнинг рухсати можаронинг янада авж олишидан ташқари, Россиянинг катта реакциясини келтириб чиқаради.
«Жаноб Путин баллистик ракеталар билан ҳужум қилинганида ўз мамлакатига ядровий жавоб қилишга рухсат берувчи доктринани имзолади. Буларнинг барчаси минтақани янги катта уруш бўсағасига келтириб қўяди. «Мендан кейин нима бўлса бўлсин» деган ёндашув билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Туркия Украина ва Россия томони тинчликка диққатни қаратиб, хотижамликни сақлаб, турли фитналарга учмаслиги керак, деб ҳисоблайди.
«Бу катта хато замирида йўл қўйилган кичик бир хато провокация ва порох бочкасини ёқиш сингари бўлади. Шунинг учун барчага эҳтиёткор бўлишни маслаҳат бераман», — деган Эрдўған.
Storm Shadowʼлар ишга тушди
Украина қуролли кучлари Россия ҳудудининг ичкарисига зарба беришда илк марта Британиянинг «Storm Shadow» қанотли ракеталаридан фойдаланди.
Бу ҳақда Британия оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда. Украина қуролли кучларига тегишли медиа пабликлар Россиянинг Курск областидаги қўмондонлик пунктига ушбу ракеталар билан зарба берилгани тасвирларини тарқатмоқда.
Британия ОАВлари хабарига кўра, Россиянинг Курск области Марьино қишлоғи аҳолиси инглиз-французлар томонидан ишлаб чиқарилган «Storm Shadow» ракеталарининг қисмларига дуч келишган.
Бироқ ҳозирча Буюк Британия ва Россия томони ракеталардан ушбу ҳудудда фойдаланилгани борасида расмий баёнотлар бермаган.
Шуниси маълумки, «Storm Shadow» қанотли ракеталарининг учиш масофаси 250 км ни ташкил этади.
Украинага ёрдам
АҚШ Украинага 275 млн долларлик қурол-яроғлар билан ёрдам беради. АҚШ маъмурияти Украинага қўшимча ёрдам хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги уларнинг критик эҳтиёжларини қаноатлантириш учун берилаётганини эълон қилди.
Бу борада АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Рейдер ёзма баёнот билан чиқиш қилган.
Баёнотга кўра, президент ваколати пакетидан Украинага энг муҳим эҳтиёжларни қаноатлантириш учун 275 млн долларлик ракета тизимлари, артиллерия ўқ-дорилари ва танкларга қарши қуроллар тақдим этилади.
Қайд этиб ўтиш керакки, ҳарбий ёрдам орасида 155 ва 105 миллиметрли артиллерия ўқ-дорилари, миномёт снарядлари, пилотсиз парвоз қурилмалари, TOW ракеталари ва танкларга қарши қуроллар, шунингдек, кимёвий, биологик, радиологик ҳамда ядровий ҳимоя воситалари ўрин олган.
Кремл: Путин музокарага тайёр
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, «Президент Путин бир неча бор, аниқроғи доимо алоқалар ва музокараларга тайёрлигини таъкидлаб келмоқда».
Песков Reuters агентлигининг Украина мавзуси бўйича Путин АҚШнинг янги президенти Доналд Трамп билан эҳтимолли алоқалари тўғрисидаги мақоласига шундай муносабат билдирган.
Бу ҳолатда Песков Россия учун “махсус ҳарбий амалиёт”да ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш муҳимлиги, можаронинг музлатилишидан Россия манфаатдор эмаслигини таъкидлаган.
Песков шунингдек, The Washington Post нашрининг гўёки Жо Байден Украинага пиёдаларга қарши миналар етказишга рухсат бергани тўғрисидаги хабарларга ҳам изоҳ берди.
«Бу ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини айтиш қийин. Бироқ АҚШнинг кетаётган маъмурияти намойиш этаётган тенденциядан келиб чиқсак, улар урушнинг давом этишидан манфаатдор ва ўзларининг қолган вақтларида қўлларидан нимаики келса шуни қилишади», — деган Песков.
«Ҳудудимизга ракеталар билан зарба беришга рухсатни олиб қаранг, эҳтимол, пиёдаларга қарши миналар билан ҳам шундай бўлиши мумкин», деган у.
Кремл матбуот котиби Украина БМТнинг пиёдаларга қарши миналар тўғрисидаги конвенциясини имзолаганини эслатиб ўтди.
«Қизиқ ҳолат. Бу конвенцияни на АҚШ, на Россия имзолаган. Биз имзолаган томон эмасмиз. Бироқ Украина уни имзолаган», — деган Песков.
Брянск областига ATACMS ракеталари билан берилган зарбалардан сўнг Путиннинг графиги тўғрисида гапирар экан, Песков у ўзгармаганини таъкидлаган.
«Президент, олий бош қўмондон кунига кўплаб соатни махсус ҳарбий амалиёт ўтказилиши мавзусига бағишлайди», — деган Песков.
Унинг сўзларига кўра, Россия президенти йиғилишлар ва якка учрашувлар ўтказади, докладларни қабул қилади ва буларнинг барчаси унинг кун тартибининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Бироқ айрим оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, Путин «Валдай» форумида чиқиш қилганидан сўнг, камида 10 кундан бери ўз иш ўрнида эмас, балки режали даволанишда. Улар Россия давлат телевидениесида Путиннинг бир ярим-икки ой аввалги ҳудудларнинг раҳбарлари билан учрашувлари ёзиб олинган ҳолда намойиш этилаётганига эътибор қаратишган. Ҳаттоки Шолцнинг Путинга қўнғироғи ҳам аслида унинг касал ёки иш ўрнида эканини аниқлаш учун қилингани, тўғрисидаги тахминлар ўртага ташланган.
Питерда патент 30 фоизга ошади
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Озарбойжон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Молдова фуқаролари олиши керак бўлган меҳнат патентининг нархи 30 фоизга оширилмоқда.
Шаҳар парламенти мигрантлар учун меҳнат патенти нархини ҳисоблашда қўлланадиган коэффициентни ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Энди Озарбойжон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Молдова фуқаролари олиши керак бўлган меҳнат патентининг нархи 30 фоизга ошиб, 6 минг рублга етиши мумкин. Ҳозир патент учун 4,6 минг рубл тўлаш керак.
Мигрантлар учун меҳнат патентининг нархи учта параметрни қўллаган ҳолда ҳисобланади: қатъий белгиланган аванс тўлови миқдори (1200 рубл), Иқтисодий ривожланиш вазирлиги томонидан белгиланадиган дефлятор коэффициенти (2024 йилда 2,4) ва минтақаларнинг ҳар бири мустақил равишда белгилайдиган коэффициент.
Санкт-Петербург маъмурияти минтақавий коэффициентни 1,93 миқдорида белгилашни таклиф қилмоқда. Бу Санкт-Петербург ҳудудида меҳнат патентининг ойлик қиймати 6 минг рубл бўлишини таъминлайди. Унга кўра, патент учун худди шундай нарх Ленинград областида ҳам ўрнатилади.
Ташаббус деярли бир овоздан қабул қилинган: 46 депутат уни ёқлаган, икки нафари қарши овоз берган. Қонун қачондан кучга кириши ҳақида хабарда маълумот берилмаган.
Тавсия этамиз
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16
Киевга яна зарба берилди. Қурбонлар бор
Жаҳон | 13:57 / 23.03.2025
Янги “иномарка”лар савдоси 2 баробардан кўпроққа камайиб кетди
Иқтисодиёт | 10:04 / 23.03.2025
Яна учта муҳим ўйин. Ўзбекистонга мундиалга чиқиш учун қандай натижалар керак?
Спорт | 17:29 / 22.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
АҚШ Россия ва Украина билан Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олди – Оқ уй
Жаҳон | 20:48
-
Блаттер ва Платини молиявий фирибгарлик иши бўйича яна оқланди
Жаҳон | 20:46
-
Mercedes ўз хоҳиши билан ишдан бўшайдиган ходимларига 500 минг еврогача пул таклиф қилмоқда
Жаҳон | 20:10
-
Ҳиндистон Samsungʼдан 601 млн долларлик солиқ қарзини тўлашни талаб қилди
Жаҳон | 20:08
Мавзуга оид

14:07
Хавфли фазага кираётган Ғазо, 4 областни талаб қилаётган Россия ва мигрантлар учун энг қора йил — кун дайжести

13:59 / 24.03.2025
Қамалда қолган ғазоликлар, қамоққа олинган Имомўғли ва коинотдаги жангни синаётган Хитой — кун дайжести

13:15 / 20.03.2025
Ғазодаги қирғиндан шокка тушган БМТ, таслим бўлмаётган ҳусийчилар ва ҳибсга олинган Истанбул мэри — кун дайжести

13:12 / 19.03.2025