Ўзбекистон миллий жамоаси ҳозирданоқ саралаш ўйинларида очко тўплаш бўйича энг яхши натижасини қайд этиб турганига қарамай, ҳал қилувчи ўйинлар энди ўтказилади.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродов Қирғизистонга қарши ўйиндан кейин берган интервюсида агар кейинги турда Эрон мағлуб этилса, жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи 99 фоизга ҳал қилиниши ҳақида гапирди. Лекин воқеалар ривожи бошқачароқ кетса-чи?

Ўзбекистон жаҳон чемпионати саралашида яна учта ўйинда майдонга тушади:

  • 25 март: Эронга қарши меҳмонда;
  • 5 июн: БААга қарши меҳмонда;
  • 10 июн: Қатарга қарши уйда.

Жамоа ҳозирда гуруҳ жадвалининг иккинчи ўрнида мустаҳкам жойлашганига қарамай, кейинги ўйинлардаги натижалар барчасини ўзгартириб юбориши мумкин.

Рекорд кўрсаткич

Ўзбекистон 20 март куни Тошкентда ЖЧ-2026 саралаши учинчи (охирги) босқичи 7-тури доирасида Қирғизистон вакилларини қабул қилди. Гуруҳ аутсайдерларидан бирига қарши ўйинда ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов урган гол минимал 1:0 ҳисобидаги ғалабани таъминлади. Қийинчилик билан қўлга киритилган бу уч очкодан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси ўз гуруҳида иккинчи ўринни мустаҳкамлади.

7 турдан сўнг очколар сони 16 тага етган, энг яқин таъқибчилар 6 очкога ортда қолдирилган, бу – жамоа учун ЖЧ саралаш турнирлари сўнгги босқичида тўпланган очколар бўйича рекорд кўрсаткичдир.

Бунгача энг яхши натижалар 2014 ва 2018 йилги мундиаллар учун саралаш босқичларида қайд этилган: Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоа 8 ўйинда 14 очко тўпланган, лекин Бразилиядаги турнирга тўғридан тўғри йўлланма учун бу етарли бўлмаганди. Тўрт йил ўтиб Россия мезбонлик қилган жаҳон чемпионати учун саралашда эса Самвел Бабаян қўли остидаги жамоа 13 очко билан қолиб кетган.

Гуруҳдаги олдинги ўйинлар

Бир қарашда Ўзбекистон миллий жамоаси бу сафарги саралашда яхшироқ иштирок этаётгандек ва имкониятлар ҳам яхшироқдек кўринади. Аммо ЖЧ формати ўзгаргани ва унда иштирок этувчи жамоалар сони оширилгани туфайли саралашнинг сўнгги босқичида гуруҳлар ҳамда унда қатнашувчилар сони ҳам ошгани, натижада нисбатан кучсиз рақибларга қарши ўйинлар ҳам бўлаётганини инобатга олиш керак бўлади.