Жамият | 22:36 / 20.10.2025
46408
2 дақиқада ўқилади

Манзил колониядан қочган педофил 3-синф қизни зўрлагани айтилмоқда

Таъкидланишича, шахс шу куннинг ўзида ҳуқуқни муҳофазаси қилувчи органлар томонидан процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент вилояти, Оҳангарон туманидаги 50-сон манзил колониясидан қочган 31 ёшли маҳкум 3-синфда таълим оладиган қизни зўрлагани, маҳаллий аҳоли уни далада ушлаб олгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Тошкент вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати томонидан тарқатилган хабарномада айтилишича, у 16 октябрь куни «П.Б.» корхонасига фойдали меҳнатга жалб қилинганида «номаълум томонга кетиб қолган».

Хабарномада унинг 2018 йилда Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан қамалгани, жазо муддати 2033 йилгача экани, суд ажримига кўра, 2024 йил августда жазонинг ўталмаган 9 йил 2 ой 19 кунини ўташ учун манзил колонияга ўтказилгани ҳақида маълумот берилган.

Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби берган маълумотга кўра, ушбу шахсга нисбатан вояга етмаган қизга, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 119 моддаси 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан янги жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, шахс шу куннинг ўзида ҳуқуқни муҳофазаси қилувчи органлар томонидан процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хабарда 3-синф ўқувчисининг аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид