Яқинда iOS дастурий таъминотининг навбатдаги версия кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Синчков мутахассислар унинг бета-версиясини дарҳол текширувдан ўтказиб, тизимга киритилган асосий ўзгаришлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган хатолар ҳақида ўз хулосаларини бердилар. Қуйида сизлар билан шу хулосаларни ўртоқлашамиз.

Умумий ўзгаришлар

Шрифт iOS 9нинг асосий фарқли жиҳатларидан бири бўлди. Илгариги версияда Helvetica Neue шрифти долзарб ҳисобланган бўлса, бу сафар Apple мутахассислари Comic Sans’га ўхшаган янги шрифтга қўл урган кўринади. Умуман олганда, бутун тизимда бу кўзга ташланмайди, аммо матн терганда, серматн иловаларда билинади.

Бундан ташқари, экрандаги бирламчи гулқоғозда денгиз мавжлари акс этган. Бошқа расмлар бета-версияга киритилмаган, улар якуний версияга киритилиши кутилмоқда.

Виртуал клавиатурада Shift тугмаси ўзгарди. Энди юқори регистр ва Caps Lock қайси пайт ёқилганини аниқлаш осонлашди. Предикатив териш, яъни ёзиш пайтида луғатдан сўз вариантларини танлаш имкони энди рус тилли интерфейсда ҳам мавжуд.

Мультитач технологиясига кўра, фойлаланувчи икки бармоғини клавиатурада ушлаб турса, ҳарфлар ўрнига клавиатурада матнни ажратиш қуроли пайдо бўлади.

Find My Friends ва Find My iPhone иловалари iOS 9нинг тизимли дастурларига айлантирилди. Энди уларни App Store онлайн дўконидан сотиб олишга ҳожат қолмади. Бундан ташқари, Find My Friends’ни хабарлар марказига қўшиб, танишларнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот олиб туриш мумкин.

Иловаларга қайтиш тугмаси энди фойдаланувчи бирор-бир дастурни тарк этганда пайдо бўлади. Масалан, агар сиз Tweetbot орқали Safari’га ўтсангиз, бир ҳаракат билан ортга қайта оласиз.