10 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Миллий матбуот марказида "2015 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумининг бориши тўғрисида" мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати хабар берди.

Матбуот анжуманида дастлаб, соғломлаштириш тизимидаги янгича ёндошувлар ҳақида гап борди ва болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган доирасида 2015 йилги мавсумга тайёргарлик ҳар доимгидан эртароқ бошлангани қайд этилди.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича доимий фаолият юритувчи Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан мавсумни намунали ташкил этиш ҳамда уюшқоқлик билан ўтказиш ишлари мувофиқлаштириб келинмоқда.

Барча турдаги оромгоҳлар махсус ишлаб чиқилган тавсиялар, услубий-қўлланмалар, болалар учун мўлжалланган фильмлар тўпламидан иборат компакт-дисклар, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун сценарийлар тўпламидан иборат китоблар билан таъминланди. Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларида тезкор штаблар шакллантирилди.

2015 йилда 1 минг 149 та оромгоҳ фаолият кўрсатиши режалаштирилгани ҳолда, амалда айни кунда  1 минг 167 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилди. Натижада оромгоҳлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 100 тага кўпайди. Улардан 208 таси стационар, 818 таси кундузги, 141 таси “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳларидир. Соғломлаштирилиши режалаштирилган болалар сони эса ўтган йилга нисбатан қарийб 10 минг нафарга ортиб, 287 минг 171 нафарни ташкил этди.

Ўтган йилларга нисбатан ихтисослаштирилган оромгоҳлар сони ҳам бир неча баробарга ортиб, жорий йилда 224 та (режа 220 та) ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолият кўрсатмоқда. Ўсмирларни ҳордиқ билан қамраб олиш мақсадида ташкил этилган “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари сони қарийб 10 тага кўпайди ва ҳудудларда 141 та шу турдаги оромгоҳлар фаолият кўрсатди.

Бугунги кунда ёзги соғломлаштириш мавсуми қизғин давом этмоқда. Айни кунга қадар оромгоҳларда 218 минг 497 нафар бола соғломлаштирилди. Бу режага нисбатан 76,1 фоизни ташкил этади.