Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади: “Унинг аломатларидан(яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” ("Рум"сураси, 21-оят).

Оила қуриш жаноб Пайғамбаримизнинг (с.а.в) суннатларидан бўлиб, бир ҳадиси шарифларида айтганлар: "Никоҳ менинг суннатимдир. Кимки менинг суннатимдан воз кечса, у мен (умматим)дан эмас".

Биз ушбу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга мамлакатимизда амалда бўлган қонун - қоидаларга ҳам амал қилишимиз зарур.

Никоҳ, оила доимо долзарб масалалардан ҳисобланиб келган. Ислом динида ҳам, халқимизнинг одатида ҳам унга эътибор билан қараб, оила мустаҳкамлигини таъминлашда барча бирдек масъул бўлган.


Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг "Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари" тўғрисидаги фатвоси ҳам чиқарилган. Унда: "Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан, келин - куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган ФҲДЁ гувоҳномасининг бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш ўринлидир. Имомларнинг ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари ҳуқуқий жамият барпо қилаётган бир вақтимизда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир..." дейилади.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, оиланинг мустаҳкам бўлиши, унинг давлат қонунлари билан муҳофазаланган ҳолда қурилиши учун имом - хатибларимиз масъул экан, улар никоҳни ўқиш чоғида юқоридаги фатвога амал қилсалар, кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинган бўларди.


Никоҳ ва оила масаласига ота - оналар ҳам доимо катта аҳамият беришлари лозим. Улар ўз фарзандларини ёш жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.

Киши ҳаётида бир марта бўладиган умр савдоси бўлмиш никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ва кенгаш билан амалга оширилгани маъқулдир. Шу ўринда Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидаги ҳадиси шарифларини эсга олиш жоиздир: "Қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар".