Википедиянинг рус тилидаги бош саҳифасида “Биласизми?” мавзули рукни 31 август–3 сентябрь кунлари Ўзбекистон мустақиллигига бағишланди.

“Биласизми?” махсус лойиҳаси муаллифи ва координатори Александр Райковнинг redpen.uz сайтига маълум қилишича, мазкур ғоя туғилиши биланоқ амалга оширилган.
“Материалларни жамлар эканмиз, Ўзбекистоннинг табиат ҳодисалари ва эътиборга молик шахсларга бой қизиқарли мамлакат эканига яна бир бор амин бўлдик”, – деди у.
Бош саҳифада Ўзбекистон ҳақида жойлаштирилган қизиқарли маълумотларнинг бештасини эътиборингизга ҳавола этамиз:

1-маълумот: “Ўзбекистон эндемик қўнғизи яшайдиган қўриқхонада уни осонгина учрата олмайсиз”.

Глазунова чиройли танали қўнғизи фақатгина Ўзбекистоннинг Нурота тоғларида яшайди. Allisthenes турига мансуб мазкур қўнғиз илк бор 1892 йили фанга маълум бўлган. 2001 йилда ушбу қўнғизни топиш учун уюштирилган экспедиция муваффақиятсиз якунланган. Орадан бир йил ўтиб, 2002 йилда ташкил этилган экспедицияда уни учратишган. Ҳашоротнинг узунлиги 31 мм атрофида. Ушбу қўнғизлар майда ҳашоратлар ва уларнинг личинкалари билан озиқланади. Қўнғиз Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўлиб, Нурота қўриқхонасида давлат ҳимояси остига олинган.

2-маълумот: “Ўрта асрлар ўзбек ирригаторлари тектоник ёриқларни моҳирлик билан четлаб ўтишган”.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Навоий вилоятининг Нурота туманларидан оқиб ўтувчи Бекларсой тоғ дарёси ҳудудида 1580 йилда Бухоро амири Абдуллахон II буйруғи билан ажойиб тўғон барпо этилган. Абдуллахонбанди деб номланган тўғоннинг умумий узунлиги 85 метр, баландлиги эса 14,5 метр бўлган. Асосининг кенглиги 15,3 метрни ташкил этган бўлса, тепа қисми 4,5 метргача етган. Геологик ва геофизик ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, тўғон шундай жойда барпо этилганки, дарё дарасининг бу қисми нафақат энг тор, балки тектоник жиҳатдан энг мустаҳкам ҳисобланади. Сойнинг пастки оқимидан эса икки маротаба тектоник ёриқлар кесиб ўтади.