Фан-техника | 07:37 / 08.09.2015
5393
2 дақиқада ўқилади

SVO ательеси зирҳланган Range Rover ишлаб чиқди

Jaguar Land Rover альянсининг завод ательеси Special Vehicle Operations (SVO) ўз тарихидаги илк зирҳланган Range Rover Sentinel автомобилини ишлаб чиқди. Янги автомобиль Autobiography кроссоверининг топ версияси негизида яратилди.

Range Rover Sentinel автомобили VR8 зирҳи билан таъминланди. Бу машина кузови 7.62 калибрдаги зирҳни тешувчи-ёнувчи ўқларнинг тегишига бардош бера оладиган юқори мустаҳкамли пўлат листлар билан кучайтирилганини англатади.
Бундан ташқари, автомобилга 15 кг тротил эквивалентидаги портлашлар ҳам қўрқинчли эмас. Машинанинг таги ва томи DM51 русумидаги парчаланувчи немис гранатасининг портлашига бардош бера олади.

Моделнинг стандарт ойналари кўп қатламли ўқ ўтмайдиган тонировка қилинган ойналарга ўзгартирилди. Йўлтанламас қайта созланган подвеска, 20 дюймли ғилдираклар диски ва Run-Flat технологиясидаги покришкалар, ёнғинни ўчириш тизими, катта сиғимга эга қўшимча аккумулятор ҳамда 380 ва 365 миллиметрли олд ва орқа тормоз дисклари механизмлари билан таъминланди.

Автомобиль ёрдамчи фалокат чиқиши билан жиҳозланди – автомобилнинг эшиклари очилмай қолганда ҳайдовчи ва йўловчилар уни орқа ўриндиқ ортида жойлашган дарча орқали тарк этишлари мумкин.

Range Rover Sentinel 340 от кучига эриша оладиган 3 литрли 6 цилиндрли бензинли мотор билан жиҳозланди. Мотор ZF компаниясининг 8 поғонали автоматик узатмалар қутиси билан жуфтликда ишлайди.

Автомобиль Лондонда 15-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Defence and Security Equipment International Show кўргазмасида илк бор оммавий равишда намойиш қилинади. Йўлтанламаслар Европа, Жанубий Америка, ЖАР ва Яқин Шарқ давлатларида сотилади. Машинанинг нархи 400 минг фунт стерлингга (610 минг долларга) яқинни ташкил қилади.