Ассалому алайкум, азиз ватандош. Балки сиз ушбу сайтнинг доимий мухлисидирсиз, балки илк марта бу сайтга киргандирсиз. Аммо нима бўлганда ҳам мана шу сайтни ўқиб турганингиз билан, дунёдаги бахтли инсонлар қаторида эканлигингиз билан сизни муборакбод этаман. Чунки сиз Яратган ато этган кўриш, фикр юритиш қобилиятига эгасиз, дунёдаги 781 миллиондан ортиқ ўқиш-ёзишни билмайдиганлар орасида эмассиз. Мана шунинг ўзи бир бахт эмасми?
Эҳтимол ҳозиргина нонушта қилиб, сўнгра сайтга киргандирсиз, балки тушлик қилиб бўлгандирсиз, эҳтимол кечки овқатни тановул қиларсиз. Сиз бахтлисиз. Чунки айни кунда дунё бўйича очлик азобига дучор бўлганлар сони 805 миллион нафар кишини ташкил этади.
Сайтни ишдан келиб, уйингизда ёнбошлаб олиб кўряпсизми? Ёки эрталаб туриб янгиликларни ўқиб ўтирибсизми? Нима бўлмасин, сиз барибир уйингиздасиз. Кўчада, ишда, сафарда бўлсангиз, уйингизга ошиқасиз. Сиз бахтлисиз, чунки бугунги кунда дунёдаги 100 миллион киши бошпанасиз, яшашга уйи йўқ.
Балки сиз ҳали оила қурмагандирсиз, балки яқинда турмуш қургандирсиз, балки қатор фарзандларнинг ота-онаси ёки набираларнинг бобо-бувисидирсиз. Ҳа, укагинам, “яқинда фарзандли бўлдим” дейсизми. Ўғилми-қизми? Умри билан берган бўлсин. Туғилганлиги ҳақида гувоҳнома олдингизми? Фарзандингиз ҳам сиз каби бахтли. Зеро бугунги кунда дунё бўйича ҳар йили 48 миллион чақалоққа туғилганлиги ҳақида гувоҳнома берилмайди.
Лаббай, синглим? “Қизим бу йил мактабга борди” дейсизми? Сиз-чи, ака? Ўғлингиз институтга ўқишга кирдими? Табриклайман. Фарзандингизнинг мактабга бориши, мактабда таълим олишининг ўзи бир бахт. Чунки дунё бўйича 58 миллиондан ортиқ мактаб ёшидаги болалар таълим олиш имкониятига эга эмаслар.
Ўлкамизда куз фасли бўлса ҳам ҳаво иссиқ. Балки чанқаётгандирсиз. Томоғингизни ҳўллаб олақолинг. Бир пиёла чой ичинг ёки қайнатиб совитилган сувдан ҳўпланг. Сиз бахтлисиз. Айни пайтда дунёда 884 миллион нафар инсон тоза сув танқислигидан азият чекмоқда.
Оқшом тушгани учун чироқни ёқдингизми? Ёки тонг отгани учун ўчирдингизми? Эҳтимол телевизорда сериал бошланишини кутиб ўтиргандирсиз? Сиз бахтлисиз. Чунки дунё бўйича 1,3 миллиард киши электр энергиясидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.
Азиз юртдошим. Сизни турли рақамлар билан бездириб қўймадимми? Мен бу рақамларни келтириш билан “бошқаларнинг бахтсизлиги бизнинг бахтимиз” демоқчимасман. Фақат “Бирни кўриб фикр қил...” мақоли бежизга эмаслигини таъкидламоқчиман.
Бахт тушунчаси менинг фикримча сабр ва шукр