Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да “Марказий Осиё саноат ҳафталиги – Central Asian Industrial Week – 2015” халқаро лойиҳаси доирасида еттита ихтисослаштирилган кўргазма бўлиб ўтмоқда.
Ушбу тармоқлараро лойиҳа ҳар йили маълумот алмашиш ва муносабатларни кенгайтириш, Ўзбекистон бозорига янги халқаро иштирокчиларнинг кириб келиши учун қулай майдонга айланган.
Жорий йилда кўргазмалар тоғ-кон иши, металлургия, машинасозлик, қўриқлаш ва хавфсизлик, полимерлар саноати, полиграфия ва қадоқлаш сингари йўналишларни қамраб олди. Кўргазмаларда Ўзбекистон, Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Чехия, Жанубий Корея каби дунёнинг 21 мамлакатидан 110 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этмоқда.
Ўнинчи марта ўтказилаётган “Тоғ-кон иши – Mining World Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмасига экспозицияда марказий ўрин ажратилган. Мамлакатимизнинг кон-металлургия саноати салоҳияти ва ютуқларини намойиш этишга хизмат қиладиган ушбу кўргазмада соҳанинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва мутахассислари иштирок этмоқда.
Кўргазма стендларида кончилик ва тоғ-кон қайта ишлаш комплекси учун мўлжалланган кенг турдаги хизмат ҳамда технологиялар тақдим этилган. “Atlas copco compressors and mining technique” Швеция – Ўзбекистон қўшма корхонасининг кон-шахта асбоб-ускуналари, Италиянинг етакчи “Saer Elettropompe Spa” компанияcининг саноат ва маиший насослари, “Scantech” компанияcининг (Австралия) саноат анализаторлари, Хитойнинг “Zhengzhou Kefid Machinery” компанияси майдалаш қурилмалари ва бошқа кўплаб товарлар шулар жумласидан.

Кўргазма доирасида “ЎЗГЕОИНВЕСТ – 2015” Ўзбекистон Республикасининг қаттиқ фойдали қазилма бойликларини ишлаб чиқариш ва қазиб олиш бўйича инвестиция салоҳиятига бағишланган халқаро конференция ҳам ўтказилади. Унинг Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ташкил этиладиган тақдимотида мамлакатимиз геология тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳалари, юртимиздаги конлар ҳақида атрофлича маълумот берилади.
“Кимё саноати – Chemie Uzbekistan – 2015” ва “Пластмасса саноати – Plastex Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмаларида кимё ва полимерлар тармоғининг сўнгги ютуқлари намойиш этилмоқда.
Кимё саноати иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан биридир. Ушбу тармоқ юксак ишлаб чиқариш, хомашё ва илмий-техник салоҳиятга эга экани уни жадал ривожлантиришда асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, Устюрт газ-кимё мажмуасининг ишга туширилиши билан 2020 йилда полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.







