Жаҳон | 01:07 / 02.11.2015
22204
1 дақиқада ўқилади

Интернетда Россия самолётининг Мисрда қулаган жойидан олинган биринчи фотосуратлар пайдо бўлди

9268 рейси бўйича учган Россия самолётининг Мисрда қулаган жойидан олинган биринчи фотосуратлар фожиа юз бергандан бир неча соат ўтиб пайдо бўлди. Самолёт аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган кимсасиз ҳудудда қулаган. Суратлар воқеа жойига Миср бош вазири келганда олинган.

Самолёт 31 октябрда фалокатга учраган. Шарм-ал-Шайҳ- Санкт-Петербург рейси бўйича парвозни амалга ошираётган самолёт билан алоқа узилган. Маълум қилинишича, самолёт кескин тарзда 1,5 километрга пастлаб кетган ва шундан кейин радарлар экранидан ғойиб бўлган.

Алоқа йўқолишидан олдин учувчи Қоҳира аэропортига қўнишга рухсат сўраган.

Кейинроқ самолёт қулаган аниқ жой маълум бўлди. Самолёт бортида 224 киши – 7 нафар экипаж аъзоси ва 217 нафар йўловчи, жумладан 21 нафар бола бўлган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган.