Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги тантаналари Тошкент вилояти божхона бошқармаси таркибидаги бир қатор божхона постларида хизмат қилаётган божхоначилар ва уларнинг оила аъзолари учун қўшалоқ байрамга айланди.
Байрам арафасида Олмалиқда “Олмалиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг замонавий таъмирдан чиқарилган янги биноси фойдаланишга топширилган бўлса, Бекобод шаҳрининг Ширин мавзесида божхоначиларга янги хизмат уйининг калитлари тантанали равишда топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган очилиш маросимларида Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Я.Мирзараҳимов, Божхона хизмати фахрийлари уюшмаси Раиси Д.Кудриддиновлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар жараёнида Муҳтарам Президентимиз томонидан божхона органлари фаолиятига ҳам бевосита юксак эътибор қаратиб келинаётганини алоҳида таъкидлашди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2011 йил 10 августдаги ПҚ-1595-сон қарори қабул қилиниши тизим фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорликни оширишда беқиёс хизмат қилмоқда.
Юксак эътиборнинг намунаси сифатида бунёд этилган “Олмалиқ” ТИФ божхона постида божхоначиларнинг самарали хизмат кўрсатишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Бу ерда божхона расмийлаштируви ва божхона кўригини амалга оширувчи ходимлар учун шинам хоналар, замонавий мебель жиҳозлари, энг сўнгги русумдаги ахборот технологиялари божхоначилар томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига юксак даражада божхона хизмати кўрсатилишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Энг муҳими, божхона расмийлаштирувини янада тезлаштиришга, бу орқали эса тадбиркорнинг ҳам вақтини ва маблағини тежашга ҳисса қўшилади.
Божхона постида тадбиркорлар учун экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишда “Бир дарча” механизми йўлга қўйилган. Электрон декларациялаш амалиётининг жорий қилинганлиги эса тадбиркорга ўз идорасидан чиқмасидан туриб, божхона органларига божхона юк декларацияси ва бошқа тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш имкониятини бермоқда.
Пост томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида расмийлаштирилган 10 мингга яқин божхона юк декларациялари асосида қиймати 110 млрд. сўмдан ортиқ бўлган товарларнинг экспорти ва импорти амалга оширилган.

Бекобод шаҳридаги фойдаланишга топширилган хизмат уйига эса ушбу ҳудуддаги “Фарҳод, “Ойбек” чегара-божхона постлари, “Бекобод” темир йўл-чегара божхона пости ҳамда “Бекобод” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида хизмат қилаётган 48 нафар ходимлар оилалари билан кўчиб киришди.











