Ижтимоий тармоқларнинг бирида оналар тўғрисида таъсирли ҳикоя ўқиб қолдим. Унинг муаллифи, ёзилган санаси, қайси мамлакатда бўлиб ўтгани, тўқимами ёки бўлган воқеами – номаълум. Бироқ оналарни эъзозлаш, уларнинг қадрига етишга ундайдиган, кишини ўйга толдирар экан:
“Эрталаб чой ичиб ўтиргандим. Аёлим келиб, ёнимга ўтирди. Пиёлага чой қуйиб узатаркан, аста гап бошлади:
- Дадаси, бугун бошқа бир аёлни кечки овқатга таклиф қилишингизни истайман.
Чайнаб турган ноним тиқилиб қолаёзди.
-Тинчликми, онаси? Қанақа аёл билан кечки овқатга бораман, кўрганлар нима дейди, эсингни едингми? - дедим ўзимни ўнглаб.
- Мен сизни қаттиқ севаман, хаммадан қизғонаман, лекин аниқ биламанки, у аёл сизни мендан-да ортиқ севади, ва сиз билан бир сония бўлсада бирга суҳбат қуриб, дийдорингизга тўйишни истайди. Бу инсон сизнинг онангиз, - деди аёлим.
Чуқур ўйга толиб қолдим. “Мана 19 йилдирки, онам дадамсиз, биргина укам билан қишлоқда яшайди. Учта бола ва аёлимни яхши кийинтириб, яхши боқаман, деб бирор марта онамга тузукроқ эътибор бермабман. “Ўғил бўлмай кет, тур ўрнингдан”, дея ўзимни ўзим койиб ўрнимдан турдим. Телефонимни олиб онамга қўнғироқ қилдим.
Онам гўшакни кўтарибоқ: “Тинчликми, болам, нима бўлди, бунча барвақт телефон қилдинг”, - деб қолдилар.
- Онажон, хавотирланманг. Фақат ёмон нарса бўлиши керакми, саҳарлаб қўнғироқ қилишим учун? Сизни соғиндим, - дедим нафасим қисилиб.
Онам қулоқларига ишонмадилар шекилли. Чунки бу гапни анча йиллардан бери биринчи марта айтишим эди.
- Болам, гапларинг ёқмаяпти. Худди ўлимидан олдин васият қиладиганларга ўхшаб гапирма! Нима бўлди? - дея яна сўрадилар.
- Ҳеч нарса эмас, онажон. Майлими, бугун кечга сизни бирор ресторанга кечки овқатга таклиф қилсам? Иккаламиз шу оқшомни бирга ўтказсак?
- Бир оз жим қолдилар-да, “Жон-жон дейман, болам” - дедилар-да пиқиллаб йиғлаб юбордилар.
Кечқурун машинамга миниб, онамнинг уйи томон кетарканман, худди узоқ кутган севгилиси билан учрашув олдидан ҳаяжонга тушиб қоладиган ошиқдек, балки ундан ҳам баттар ҳолга тушиб, юрагим тез-тез ура бошлади.
Етиб келиб тўхтаганимда ҳаво совуқ бўлишига қарамай, онам дарвоза олдида кутиб турардилар.
- Онажон, нега чиқиб олдингиз? Келиб ўзим олиб чиқардим, совуқда музлабсиз-ку?
Онам келиб пешонамдан ўпиб, сўрашдилар-да, “Болам, юрагим тоқат қилмай чиқиб олдим”, - дедилар.






