Яқиндан бошлаб Россия матбуоти, у хоҳ давлатга қарашли, хоҳ ноҳукумат матбуоти бўлсин, Ислом давлати (ёки ИШИД)ни ДАИШ атамаси билан ифода этишга ўтди. Ундан аввалроқ эса Франция президенти Франсуа Олланд ва бошқа хорижий журналистлар барча террорчиларни шу ном билан атай бошлаган эди. Маълум бўлишича, баҳор ойларидаёқ Россия Динлараро кенгаши ҳукуматга мурожаат қилиб, “Ислом давлати” деган иборани “ДАИШ” га ўзгартириш таклифи билан чиққан экан. Аммо ўшанда бу илтимосга эътибор қаратилмаган.

Бир жиҳатдан Яқин Шарқда фаолият юритаётган террор гуруҳини араб тилида талқин қилинганидек, ДАИШ («ад-Давлат аль-Исламийя филь-Ироқ ваш-Шом») деб аташ тўғрироқ бўлади. ДАИШ – аслида “Ироқ ва Шом ислом давлати” деган маънони англатса-да, қисқартириб фақат, аббревиатура қўлланилганда ҳақоратли «даюс» деган маънони беради. Арабчада Daesh (داعس), қабиҳ ниятли инсонларга нисбатан ишлатилади. Ахир “Ислом давлат”и ҳам бузғунчилик билан шуғулланиб келаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Шу сабабли, НАТО, БРИКС, АСЕАН каби аббревиатуралар асл ҳолида қўлланилгани каби, ДАИШни ҳам араб тилида талқин қилинганидек ишлатиш мақсадга мувофиқ. “Ислом давлати” атамаси, бу - ислом дини ва мусулмонларга нисбатан ҳақоратдир.

Қолаверса, пойтахти ҳам, валютасию аниқ ҳудуд ва чегаралари ҳам бўлмаган, келажакда бирор бир маамлакат тан олмайдиган террор ташкилотига «давлат» иборасини ҳам қўллаш тўғри бўлмаса керак. Жиноий ташкилотнинг исломга ҳам, давлатга ҳам мутлақо алоқаси йўқлиги кундек равшан-ку.

Ироқ ва Суриянинг маълум ҳудудларини эгаллаб олган террорчилар радикал нуқтаи назаридаги давлатни барпо этмоқчи. Агар биз уларни “Ислом давлати” деб атайдиган бўлсак, уларнинг ғояларини тарғиб-ташвиқот қилаётган бўлмаймизми?

Шунингдек, бу ташкилот шариат қоидаларига амал қилиб фаолият юритаётганига ҳам ҳеч ким ишонмаяпти. Ислом динида тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, болалардан урушда фойдаланиш қатьиян тақиқланади. ДАИШ эса ислом тақиқлаган амалларни қилмоқда. Уларни “Ислом давлати” деб эмас, минтақадаги бошбошдоқликдан фойдаланиб қолаётган террор гуруҳи деб аташ тўғрироқ бўлади.

ДАИШ ва унинг атрофида юз бераётган воқеалардан кўпроқ мусулмонлар азият чекмоқда. Бугунги кунда дунёда ислом деганда кесилган каллалар, қотилликлар, портлашлар, хунрезриклар тушуниладиган бўлиб қолди. Аслида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Очиқ Хат” (Тошкент, “Hilol nashr”, 2015) китобида ливанлик ёзувчи олим Муҳаммад Саммокка таяниб, таъкидлаб ўтганларидек, “террор араб ихтироси ёки исломий бидъат эмас, балки замонавий асрда сиёсий изтироблар натижасида юзага келган нафратнинг бир кўринишидир. Аслида террор икки аср олдин юзага келган”. Шайх ҳазратлари толибон каби террор гуруҳларини бемазҳаблар деб атар эканлар, “Улар ўзларига насиҳат қилганларни ҳам кофирга чиқара бошладилар. Ҳамма тарафда жиҳод қилиш ва ислом давлати тузиш ҳақида гап-сўз, ёзиш-чизиш кўпайиб кетди. Ҳаммасини жамлаб, бирорта кичикроқ корхонага раҳбар қилиб қўйилса, бошқара олмасликлари аниқ кимсалар бутун дунё бўйича ҳукм сурадиган давлат қуриш ҳақида бонг урар эдилар. Исломдан бир-иккита нарсани ўрганиб олиб, ўзини билимдон санаган бу чаласаводлар ўзларига насиҳат қилмоқчи бўлган олимларни кофирдан олиб кофирга солишар, уларни Исломга қарши чиқишда айблар эдилар”, дея ёзадилар. Шайх ҳазратларининг фикрича, улар ўзларининг ислом борасидаги саводсиз тушунчалари бўйича иш юритиб, ҳаммага кулгу бўлдилар. Энг ачинарлиси, Исломнинг обрўсига футур етказдилар.