Дхармендра — машҳур ҳинд киноактёри, продюсер, сиёсатчи. Панжоблик (жанубий Ҳиндистон) бу актёр ўз имиджини яратиб, оиласи ва қишлоғининг фахрига айланди. У — нуфузи жиҳатидан Ҳиндистонда учинчи поғонада турувчи “Падма Бхушан” фуқаролик мукофоти совриндори. “Filmfare”, “Zee Cine” ва ҳинд киноакадемияси мукофотлари билан ҳам тақдирланган. Экранда мардонаворлик тимсолини ўзига хос тарзда акс эттирган актёр ҳозирги саксон ёшида ҳам ҳурмат билан тилга олинади. Дхармендра ижросидаги ўзбек ва ҳинд киноусталари томонидан суратга олинган “Алибобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари” фильмини 70 дан зиёд мамлакат сотиб олган. Мазкур картина Ҳиндистонда тўққиз ой мобайнида экранлардан тушмаган...

“Сен, яхшиси, хоккей ўйна!”
Дхармендра — Дхарам Кевал Кришн Сингх Деол 1935 йилнинг 8 декабрида Панжоб штатининг Фагвар қишлоғида дунёга келган. У туғилган оила эски ақидаларга берилган ва келажакда болакайнинг актёр бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Дхарам эса болалигидан кинога тушишни орзу қиларди.

19 ёшида уйланган Дхарам Американинг Ҳиндистондаги корхоналаридан бирида бурғуловчи бўлиб ишлай бошлади. Аммо кинога бўлган интилишини асло сусайтирмади. Аввал бошдан кинога орзуманд Дхарам қадрдон қишлоғи Пхагвардан бир неча чақирим йўл босиб, Сурайёнинг суратга тушаётганини кўриш бошқа ҳудудга йўл оларди. У бурғулаш корхонасида хизмат қилаётган бўлса-да, бу ишга меҳр қўя олмади.

Дхармендра қиёфасида шоирона ҳиссиёт ва аскарона қатъият уйғунлашиб кетган ва... бошқа ҳеч нима керак эмас эди. Шон-шуҳратининг чўққисида Дхармендрани дунёдаги энг чиройли ўн нафар эркаги сафига қўшишгани бежиз эмас.

У актёр бўлишга қатъий аҳд қилди. Пагхвардан кетиши осон бўлмади, албатта. Актёрликни орзу қилган Дхарам Filmfare танловида қатнашиш учун поездга ўтириб, Бомбейга йўл олди. Бироқ киносиновдан сўнг режиссёр унга хоккей ўйнаса яхшилигини маслаҳат берди. Хайрият продюсер Хингорани Дхарамга ишонди ва 51 рупия эвазига “Ҳаётим ва қалбим сеники” (1960) фильмида суратга тушиши учун шартнома тузди. Бу гонорарга маҳаллий емакхонада фақат нонушта қилиб олиш мумкин эди, холос.

Фильм муваффақиятсизликка учради, бироқ Дхармендра учун старт берилган эди. Киноиндустриядаги дастлабки ўн йил мобайнида унинг омади юришмади. Дхармендранинг актёрлик маҳоратини кучли ҳисобламасдилар, Дхарам эса истеъдодини исботлашга қарор қилди. Ундаги ишонч ва кўркам қиёфа ўзининг истиқболини белгилаб берди.

Орадан кўп ўтмай, Дхармендра барча тўсиқларни оддий табассуми билан бартараф қила бошлади ва секин-аста омад зинасидан кўтарила борди. 60-йилларда Дхарамнинг танлаш кўлами катта бўлмаган. У шартнома имзолаган киноасарлар бош қаҳрамони аёллардан иборат эди: “Маҳбус аёл” (бош ролда Нутан), “Тақдир ҳазили” (Мала Синха) ва “Main Bhi Ladki Hoon” (Мина Кумари иштирокида).