Мазкур мақолада Суриянинг Дамашқ шаҳрида истиқомат қилувчи блогер ва MTN Syria’да кенг полосали маҳсулот ва рақамли ОАВ менежери Маҳмуд ал-Муфтийнинг айни кунларда Сурияда бўлаётган воқеалардан таъсирланиб, ғазабланиб ва ҳиссиётлари жунбушга келган ҳолда билдирган фикрлари келтирилган.

“Суриялик Маҳмуд ал-Муфтий уруш кетаётган мамлакатда яшамоқда. Дунё бошида бўлгани сингари аҳмоқлашиб бормоқда.

Суриянинг Дамашқ шаҳрида ҳозиргача яшаб келаётган суриялик сифатида 12 ноябрь куни Байрут шаҳрида бўлган воқеа ҳақида, кейин эса 13 ноябрь куни муҳаббат шаҳри Париж тўғрисидаги унданда ёмонроқ хабарни эшитдим.

Ушбу хабарларни ўз севган инсонларидан ажралганлар учун, катта урушнинг Сурия ўйин майдонида кўпроқ ўйинчилар билан янада улканлашиши каби янги қўрқувлар қоришмаси, оғриқ, ачиниш ва тушукунлик кайфиятида қабул қилдим.

Қўрқувим Афғонистон ва Ироқда кўрганларим ва гувоҳ бўлганларимдан ташкил топган.

Мазкур ҳолатларнинг ҳар иккиси ҳам бизникига ўхшаш ва унда "Ал-Қоида" ҳам йўқ қилинмади, бу вазият урушга барҳам бериш билан ҳам якунланмади (улар ҳалигача уни якунлаганлари йўқ). Ҳар иккала ҳолатда ҳам нима йўқ қилинди? Ҳар иккала мамлакат.

Кейин эса ташқарида яхшироқ ҳаёт излаётган, ғарбликлар уларга инсон сифатида эмас, балки таҳдид сифатида қараётган, бироқ бор-йўғи янги ва яхшироқ ҳаёт, умид излаётган ҳамда янги зарбаларга дуч келаётган суриялик қочоқлар тўғрисида ўйладим.

Ўзимга келсак, мен бошқалар каби ичкарида умидсиз ва иложсизман.

СУРИЯЛИКЛАР ЯХШИ ОДАМЛАР. МЕНИНГ МАМЛАКАТИМ ДУНЁДАГИ ЭНГ ГЎЗАЛ МАМЛАКАТЛАРДАН БИРИ. УШБУ МАМЛАКАТ ВА УНИНГ АҲОЛИСИ ЯХШИСИГА ЛОЙИҚ.

Сурия билан боғлиқ саҳнани Самуэль Беккетнинг “Годони кутиш” асарига ўхшаш деб ўйладим.

Унинг барча қаҳрамонлари шу ерда.

Биз ҳаммамиз номаълум Годони кутяпмиз. Биз унинг кимлиги ёки вазиятни ўзгартириш учун нима қилишини билмаймиз, бироқ уни мана беш йилдирки, кутишда давом этяпмиз.

Чунки кутишдан ўзга чора йўқ.

У ўлимми? Ёки халоскор?