Динни ниқоб қилиб ва Аллоҳ таолонинг номи билан одамларни ўлдираётганларни қандай тушуниш мумкин? Уларни ақлдан озган ёки уларнинг болалиги қийинчиликда ўтган ёки бўлмаса мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш учун уларга катта пул тўланган ёки мусулмонлар яшайдиган ҳудудларни босқинчилар ишғол қилиши ёки мусулмонларни атайин обрўсизлантириш учун қилинмоқда, деб қўйиш энг осон жавоб бўлар эди. Аслида эса муқаддас матнларни ўрганаётганлар бу каби қабиҳ, ахлоқ-одобсиз одамлар орамизда бўлиши мумкинлигини яхши биладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом уларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида хабар берганлар. Улар, уларга эргашганлар ҳамда уларнинг авлодлари билан асҳоби киромлар ҳам курашган.
Қуйидаги экстремистларга хос аломатлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳадисларидан ҳамда у зотга эргашган асҳобларининг огоҳлантиришларидан йиғилган.
1. Обрўларни тан олмаётган ёшлар
Али розияллоҳу анҳу дедилар:
“Охири замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади...” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий)
Бу қанчалик аччиқ кўринмасин, бироқ ўта муҳим эслатмадир. Замон охирлаб қолганда чиқадиганларининг кўпчилиги ёш йигитлар бўлишади. Сафларида билимли ва тажрибали катталар, ёши улуғ кишилар кам бўлади. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Фатҳул Борий китобларида уларни ёш йигитлар, деб шарҳ қилганлар.
Илмни омонат билиб, кейинги авлодларга етказаётган катта уламолар бор. Агар сиз ишонч ва маъсулиятсиз ҳамда ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ва жумҳур уламоларга зид ёки қандайдир баҳсли нарсаларни қўзғаётган ёшлар атрофида одамлар тўпланаётганини кўрсангиз, буларнинг одатда ақллари калта бўлишини билиб олаверинг. Уларга эргашиб бўлмайди. Улар холис, самимий ва гаплари бурро бўлишлари мумкин, бироқ уларнинг фикрлари чала ёки асоссиз бўлади. Агар қандайдир бир нарсани барча мазҳаб уламоларни инкор қилаётган бўлса, демак ҳақ улар тарафида бўлади ва жумҳур уламолар маслаҳатига кўра, ёш “уламолар”дан юз ўгириб янглишмайсиз. Агар энг катта обрўга эга бўлган уламолар дунёнинг барча бурчакларидан жиноятчи ва муртадларни қоралаётган бўлса, бир тўда ёшларнинг фикрларини деворга отишингиз мумкин. Аҳли сунна вал жамоат айнан шундай қилади.
2. Адоват ва тентаклик
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, бу одамлар ўзларини кескин тутишади, қўпол ва қаттиққўл бўлишади, ўйламасдан гапиришади, илмсиз баҳслашишади, ҳамма нарсани ҳал қила оламиз, деб ҳисоблашади, ҳақ фақат ўзларида эканлигини даъво қилишади, одамларнинг барчаси улар томонида бўлиши керак, деб фикрлашади.
Ғулувга кетувчиларни фарқловчи муҳим жиҳати – ўз ишини тўғри деб билиш ва ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган катта адоватдир. Ўзининг ғазабини кўрсатиб қўйиш учун шаърий-қонуний йўлларни эмас, балки қотиллик, жиноятлардан фойдаланадилар. Уларнинг кўпчилиги енгилтак, шошқалоқ, қизиққон ва калтабинлик сифатлари ғолиб бўлган ёшлардан иборат бўлиб, яна улар тор фикрли ва узоқни кўра билмаслик сифатлари билан ҳам ажралиб туришади.






