Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эксперт: 2016-2017 молия йилида Болливуд даромади 3 млрд долларга етади
2016-2017 молия йилида Болливуд даромади 3 млрд долларга етади. Бу ҳақда Ҳиндистон Савдо-саноат палатаси ассоциацияси (ASSOCHAM) ТАССга маълум қилди.
“Ўтказилган изланишлар 2015 йил якунларига кўра, 155 млрд рупий ($2,4 млрд)га етган Болливуд даромади келгуси молиявий йилда (2016-2017) 200 млрд рупий ($3 млрд атрофида)гача етиши мумкин", - деди ASSOCHAM бош директори Д.С. Рават.
Унинг фикрича, Ҳиндистон киноиндустриясининг жадаллик билан ривожланиши қатъий маркетинг сиёсати ва мультиплекслар сонини оширишга ҳаракат эвазига таъминланмоқда. Натижада Болливуд 2015 йилда касса йиғимлари миқдори ошди (115 млрд рупий, ёки $1,72 млрд). Таҳлилчилар ҳисоб-китобига кўра, 2017 йилда мазкур кўрсаткич 142 млрд рупий ($2,13 млрд)дан ортиб, соҳа даромадининг 74 фоизини ташкил этади. 15 фоизлик даромад эса маҳсулотларни турли каналлар орқали трансляция қилиш ҳуқуқининг сотилиши эвазига қопланади.
Эксперт фильмлар сифатини ошириш эвазига хориж бозорларидаги даромад миқдори кўтарилаётганини ҳам қайд этиб ўтди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, яқин йилларда Болливуд киноларини хорижда сотиш эвазига 11-13 млрд рупий ($170-200 млн) фойда кўрилади.
Таҳлилчилар ички бозорда минтақавий кинофабрикалар фаоллиги ортаётганига ҳам эътибор қаратган. Айниқса Ҳиндистон жанубидаги Тамилнад штати пойтахти Ченнаида тамил тилида суратга оладиган Колливуд, телугу тилида фильм суратга туширадиган Андхра-Прадеш штати маъмурий маркази Ҳайдарободдаги Толливуд сўнгги йилларда муваффақият қозонмоқда.
“Яқин вақтларда улар ички бозорда Болливудни Ҳиндистон киносаноатидаги етакчилигидан маҳрум этиши мумкин. Уларнинг касса йиғимлари айни пайтда 43 фоизни ташкил этмоқда”, - дея огоҳлантирмоқда мутахассислар.