Ҳозирги кекса авлод вакиллари яхши билишади. Ўтган асрнинг 60-70- йилларида хонандаларнинг уч тоифаси бўларди. Биринчи тоифага профессонал хонандалар, иккинчисига ҳаваскорлар, учинчисига “отарчи”лар кирарди.
Телевидение ва радиода асосан профессионал хонандалар қўшиқ куйласа, онда-сонда ҳаваскорларга ҳам ўрин бериларди. Профессионаллар фақат ўзларининг қўшиқларини куйлашарди. Хатто тўйларга бориб қолишса, минг илтимос бўлишига қарамай, бошқа ҳамкасбларининг қўшиғини куйлашни ўзларига ор деб билишарди. Ҳаваскорлар теле-радиога чиқадиган бўлса, албатта қўшиқ матни ва мусиқаси муаллифини айтишарди. Отарчилар эса кимники тўғри келса шунинг қўшиғини айтиб кун кўрарди.
Айнан шу тоифадагилар теле-радиога яқин йўламас, бунга ўзларининг ҳам виждони йўл қўймасди. Ҳозир эса вазият тамоман акси. Профессионалларимиз ҳам уялмай-нетмай, овози етадими ёки йўқ, ўзгаларнинг қўшиқларини куйламоқда. Тўй-ҳашам каби тадбирларда бу ишни қилишса хафа бўлмасдик. Аммо юзингда кўзинг борми, демай машҳур қўшиқларни ўзиникидек қилиб телевидение ва радиода “айлантиришмоқда”. Бу юздаги холга эмас, худди сўгалга ўхшаб қолмоқда, шунингдек, кўпчилик санъатсеварларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда.
Яна бир эътироз. Аёл хонандаларимиз эркак хонандалар тилидан куйланаётган қўшиқларни ижро этишгача боришди. Шу ўринда Таваккал Қодировнинг “Дилбарим” қўшиғини назарда тутаяпмиз. Камолиддин Рахимовнинг “Наргиз” қўшиғи хақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Шунингдек, аёлларнинг оёқ тирноғидан то соч толасигача таъриф берилган “Қурбон ўлам”ни ҳам аёл хонандалар куйлаётганига нима дейсиз?
Бирор нарсани қойил қилмаган жўжахўрозлар “санъатимизнинг ёрқин юлдузи” сифатида талқин қилиниб, телеэкранлар ва радио тўлқинларидан тушмаяпти.
Саньат деганда аслида одам ақлини лол қиладиган асар тушинилади. Шундай экан, фонограммасиз қўшиқ куйлай олмайдиганларни “санъатимизнинг ёрқин юлдузи” дейиш тўғримикан? Умуман, уларни юлдуз дейиш нечоғлик ҳақиқатга яқин? Балки, тўғридан-тўғри бу каби хонандаларни осмон дейиш керакдир. Менга қолса, “меники узбекчани билмайди” дея интервью берадиган, аммо қўшиқ “куйлаганда” талаффузни тўғри қиладиган хонандаларни “фонондалар” деган бўлардим.
Ахир уларнинг фонограмма орқали қўшиқ куйлаши ҳеч кимга сир бўлмай қолди-ку. Қизиқчиларимиздан бири айтгандек, алифбонинг ҳамма ҳарфларини компьютерга айтиб чиқиб, ундан қўшиқ яратилаяпти. Кўзбўямачилик қачондан бошлаб санъат дея талқин қилинмоқда?!Бундан бир неча йил аввал ёш “фонанда”лардан бири хусусий радиолардан бирида чиқиш қилар экан, мақомга тўхталиб ўтди. У мақомни яхши кўришини, ўзи ҳам гоҳ-гоҳида мақом куйлаб туришини айтди. Шунда бошловчи “мақомдан бир парча куйлаб беринг” деди. Кутилмаганда “фононда” “жонон бўламан деб бунчалар куйдирасанми... “ дея хониш қилди.






