Технология | 18:38 / 08.01.2016
3739
1 дақиқада ўқилади

Amazon процессорлар бозорида иш бошлади

Интернет орқали савдо қилиш билан шуғулланадиган Amazon.com компанияси ярим ўтказгичлар бозорига кирганини маълум қилди. Онлайн ретейлер ушбу бозорда ўз улушига эга бўлиш учун ўтган йили Исроилнинг Annapurna Labs стартапини 350 млн долларга харид қилди.

Annapurna мутахассислари Alpine процессорлар силсиласини ишлаб чиқди; улар ARMv7 ва ARMv8 архитектураларида тўрттагача ҳисоблаш ядроларини ўз ичига олади. Чиплар роутерлар, дата-марказлар ускуналарида, мультимедиа контенти трансляцияси ускуналарида, “буюмлар интернети” ечимларида ва бошқа электроникада ишлатилиши мумкин. ASUS, Netgear ва Synology сингари ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларида аллақачон Alpine платформасидан фойдаланмоқда.

Bloomberg агентлигининг маълум қилишича, Annapurna яратган микросхемалар юқори самарадор серверларга мўлжалланмаган, уларда Intel процессорлари етакчилик қилади; улар кўпроқ кичик қувватдаги тизимларга йўналтирилган. Annapurna, шунингдек, чипларни модификация қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришга мўлжалланган тузатиш тўпламларини ҳам сота бошлайди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш