Фан-техника | 17:29 / 12.01.2016
6823
2 дақиқада ўқилади

Lexus янги ҳашаматли спорткар тақдим этди

Lexus компанияси спорткар тақдим этди. 2012 йилда тақдим этилган LF-LC спорткарининг LC 500 номини олган серияли версияси дебюти Детройтдаги автосалонда ўтказилди.

Модел янги GA-L платформаси негизида қурилган. Унинг габарит узунлиги 4760 мм ни, кенглиги 1920 мм ни, баландилиги эса 1345 мм ни ташкил қилади. Ғилдирак базаси 2870 мм га тенг. Спорткар BMW 6-Series купесидан 134 мм га калтароқ, 26 мм га кенгроқ ва 24 мм га пастроқдир.

Спорткар массаси ўқ бўйлаб 52га 48 фоиз тақсимланади, олди ғилдиракка массаси бироз кўпроқ қисми тўғри келади. Бунга эришиш учун конструкцияда енгил материаллардан (эшик ва томда карбон, юкхона полида эса композит материаллари) фойдаланилди, шунингдек, аккумулятор юкхонага ўтказилди.

Lexus LC 500 учун фақат битта, 5 л ли 8 цилиндрли двигатель таклиф қилинмоқда. Бундай мотор RC F купесида ва GS F седанида қўлланган эди. Янги спорткарда мотор 473 от кучига қадар кўтарила олади.

Lexus LC 500 мотори фақат 10 босқичли автоматик ўтказмалар қутиси билан уйғунликда ишлайди. Машина жойидан 100 км/соат тезликка 4.5 секундда чиқади. Максимал тезлиги маълум эмас.