17 январь куни Тошкент шаҳридаги “Китоб олами” марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Ҳилол-нашр” нашриётида чоп этилган “Меҳмон туйғулар”, “Фалак”, “Зулмат салтанати” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтган эди.

Учрашувда Тоҳир Малик мухлисларнинг саволларига атрофлича жавоб бериб, қимматли маслаҳатлар бердилар. Ziyouz.com порталида мазкур суҳбатнинг тўлиқ матни ва аудио шакли эълон қилинди.

— Ёзувчининг асар ёзишдан мақсади, нияти қандай бўлиши керак?

—Ҳар соҳада ҳам аввало, ният хайрли бўлиши керак. Қайси иш бўлмасин, агар ундан моддий манфаат олиш ният қилинса, унинг охири яхши бўлмайди.

Менда ҳам бирон асар ёзишдан аввал ундан моддий фойда олиш нияти бўлмаган. Мен нимаики ўқиб-ўрганган бўлсам, ҳаммасини сиз китобхонларга қайтариш нияти ва бу йўлда Аллоҳ ризолигини исташ бор.

Баъзилар адабиёт насиҳатга айланмаслиги керак, дейди. Менинг асарларимни ҳам танқид қилувчилар кўп. Нега адабий асарларида Қуръондан оят, ҳадис келтиради, «бисмиллоҳ» билан бошлайди, дейишади.

Унда Алишер Навоийни ҳам танқид этамизми? Ахир, ҳазратнинг ҳар сатри ҳикмат-ку! Адабиёт асли «Одобул куллиёт» (одоблар куллиёти) дейилади-ку! Адабиёт одамлар тарбиясига, халққа Аллоҳнинг буйруқларини етказишга хизмат қилиши керак.

— Технологиялар ривожланиши билан мулоқот жараёнида ўзбек тилининг бузилиш ҳолатлари, саводсизлик кучайиб бормоқда. Бу муаммони ечишда қандай амалий ишлар қилинмоғи керак?

— Тил энг улуғ неъматлардан бири. Бугун зиёлилар, ота-оналар ёш авлоднинг саводхонлигидан ташвишга тушмоқдалар. Ўзбек тилига давлат мақоми берилганда барча хурсанд бўлган эди. Ўша пайтлар одамлар асосан русча қўшиб гапирса, ҳозирда умуман тушунарсиз сўзлар қўшиб гапириш урф бўлган. Бундай муаммолар ҳукумат қарорлари билан эмас, инсоннинг фаросати, саводини ошириш билан бартараф этилади.

Ҳақиқатан, тилга эътибор — элга эътибор. Баъзида маъносини билмаган ҳолда сўкинаётганларни эшитиб қоламиз. Аёл ўз боласини «жувонмарг бўлгур» деб койийди. Агар маъносини (ёшлигингда ўлиб кет) билганида бундай деб сўкмас эди. Халқимиз қадимдан койиш сўзларини ҳам яхши ният билан ифодалаган: «жувонмарг бўлмагур», «қуриб кетмагур».