Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бош прокурорлари терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади, деб хабар берди РБК. Москва шаҳрида ўтган учрашувда ҳужжатни Россия бош прокурори Александр Гуцан, Беларус бош прокурори Дмитрий Гора, Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов, Қирғизистон бош прокурори Малик Бектурганов, Тожикистон бош прокурори Ҳабибулло Сайдулло Воҳидзода ва Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев имзолади.

Энди мамлакатлар ҳукумат хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблайдиган террористик ва экстремистик ташкилотлар ҳамда алоҳида шахслар ҳақида тезкор маълумот алмашади. Маълумот алмашинуви, шунингдек, давлатлар суверенитетига қаратилган тажовузлар ёки эҳтимолий террористик ҳужумлар ҳақидаги маълумотларга ҳам тааллуқлидир. Битимда «ўз давлатига» қайтаётган хорижий жангарилар ва уларнинг оила аъзолари алоҳида тилга олинган.

Россияда экстремизм ва терроризмга оид моддалар, жумладан, сиёсий сабабларга кўра қўзғатилган ишларда ҳам қўлланилади. Росфинмониторингнинг тегишли реестрига аллақачон 23 мингдан ортиқ киши киритилган бўлиб, яқинда уларнинг сафига журналист Юрий Дуд ҳам қўшилди. Бошқалар қатори бу рўйхатда Павел Дуров, Вера Полозкова, Леонид Гозман, Татяна Лазарева, Борис Акунин, Александр Невзоров бор.

«Первый отдел» лойиҳаси ва Parubets Analytics таҳлилий маркази маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи ярмида Россияда терроризм учун 1145 киши судланган, бир йил аввал эса бундай ҳукмлар 725 тани ташкил этган.