Жамият | 11:18 / 19.01.2016
3447
1 дақиқада ўқилади

WhatsApp абонент тўловидан воз кечади

WhatsApp бош директори Ян Кум Мюнхендаги DLD конференциясида яқин вақтлар ичида мессенжердан ҳозирда йилига 99 цент деб белгиланган абонент тўлови бекор қилиниши ҳақида хабар берди.

Келгусида WhatsApp бошқа усуллар орқали маблағ тўплашни мўлжалламоқда. Масалан, компанияларга ўз мижозлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини беради.

WhatsApp чати орқали фойдаланувчилар билан мулоқот қуриш имкониятига биринчилардан бўлиб Bank of America ва American Airlines компаниялари эга бўлади. Кум сўзларига кўра, яна бир қатор қизиқиш билдирган ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

WhatsApp 2014 йилнинг февралида Facebook ижтимоий тармоғи томонидан 19 миллиард долларга сотиб олинган эди. Ўтган ёзда унинг фойдаланувчилари сони ярим миллиарддан ошди. Бугунги кунга келиб эса улар сони бир миллиардга яқинлашиб қолган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш