“Биз яшаётган бугунги замон ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмаслигини барчамиз ўзимизга доимо яхши тасаввур қилганмиз ва тасаввур қиламиз. Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида вазият қандай тез ўзгариб, дунёнинг айрим минтақаларида аҳвол тобора кескин тус олаётгани, турли қарама-қаршиликлар, можаро ва қон тўкишлар кучайиб, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётгани, яқин ён-атрофимизда давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар бизда чуқур ташвиш ва хавотир туйғусини уйғотмасдан қолмайди”.
Ислом Каримов
Мустақиллик барча жабҳалар қаторида ислом маърифатининг ривожи, мусулмонларнинг диний ибодат ва маросимларини эмин-эркин адо этишлари учун қулай шароитлар яратиб берди. Ана шундай имкониятларни, Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталикни кўролмаётган ҳасадгўй кимсалар аҳоли орасида норозилик кайфиятини уйғотиш, фитна чиқариш мақсадида, "бу диёрда диний эркинлик йўқ, ибодат қилувчилар таъқиб остида, исломий билим олиш чекланган” деган уйдирмаларни илинжида интернет сайтларида тарқатишмоқда.
Терроризм ва экстремизм инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга қарши қаратилгани учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Энг ачинарлиси, бундай ғоялар таъсирига ёшларнинг жалб этилиши ташвишланарли ҳолдир.
Ёшлар онгини бундай зарарли иллатлардан муҳофаза қилиш учун самарали усуллар ишлаб чиқиш бугунги кун таълим соҳасининг долзарб вазифасига айланган.
2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унинг 5-моддасида: “Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади” дея таъкидланган. Шу қонуннинг 6-моддасида эса “давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашадилар ва зарур ёрдам берадилар” деб белгиланган.
“Муассасалар” деганда биз таълим муассасаларини кўзда тутишимиз лозим. Демак, бундан террорчилик фаолиятининг олдини олиш таълим муассасаларида педагогик профилактик чоралар мажмуини кучайтириш орқали амалга ошириш даркор.
Бугунги кунда таълим муассасалари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири келажак авлодни комил шахс сифатида шаклланишини таъминлашдан иборат.






