Испан адабиётининг энг машҳур вакили бўлган Сервантес ҳақидаги аниқ маълумотлар у қадар кўп эмас. Сервантес шахси худди Дон Кихот каби афсона ва тўқималарга бурканган. Нима бўлганда ҳам, адабиёт олами буюк адибдан етук асари учун ҳалигача миннатдор. Бугунги мақола орқали Сизни Сервантес ҳаёти ва ижодига доир 10 та маълумот билан таништирамиз.

1. 1614 йилда “Ламанчлик Дон Кихот” асарининг 2-қисми нашр этилади. Сервантес учун бу воқеа кўнгилсизликлар олиб келади. Чунки асар унинг қаламига мансуб эмасди, бошқа ёзувчи машҳурлик ва даромад учун шу ишга қўл урганди. Сервантес кейинчалик ҳам бундай ҳодисалар кўп содир бўлишини пайқаган ҳолда 1615 йилда ўз қаламига мансуб бўлган асарнинг иккинчи қисмига қуйидаги сўзларни ёзиб қўяди: “Мигел Сервантес, 1-қисм муаллифи”;

2. Одамлар орасида Сервантес билан боғлиқ хато бир фикр юради: Сервантес ва Шекспир бир кунда, 1616 йил 23 апрелда ҳаётдан кўз юмган. Аслида ундай эмас. Ҳа, улар ростдан ҳам мамлакатларида шу санада вафот этишган. Лекин, Шекспирнинг юрти Англияда бу пайтда эски тақвим бўйича, Сервантеснинг юрти Испанияда эса янги тақвим бўйича ҳаёт кечиришарди. Келиб чиқадики, уларнинг вафот этган кунлари орасида аслида бир неча кун фарқ бор;

3. Сервантеснинг чап қўли билан боғлиқ бир неча хил қарашлар бор. Масалан, кимлардир Сервантес ёшлигида ўғирлик билан шуғулланган, оқибатда уни жазолашган ва чап қўлини ишлата олмай қолган дейди. Аммо аниқроқ манбаларга қулоқ тутадиган бўлсак, Лепанто ёнидаги жангда қўли яраланган. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу йўқотиш адабиёт шайдолари учун ёқимли бўлгани тайин. Чунки Сервантеснинг ижод билан шуғулланишига айнан чап қўлини ишлата олмай қолганини сабаб қилиб кўрсатишади;

4. Шекспир аслида ёзувчи бўлмаган, кимларнингдир асарлари унинг номидан чоп этилган. Таниш гаплар, тўғрими? Сервантесда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Адиб араб тарихчиси Аҳмад Инҳолийнинг битикларини тасодифан сотиб олади. Ундан эса “Дон Кихот” асари воқеаларини топади… Бу ҳали ҳолваси. Энг қизиғи, аслида шундай бўлганлигини Сервантеснинг ўзи асарда тан олган!!! Нима бўлган тақдирда ҳам, энди дунё бу янги маълумотни онгига қабул қилолмаслиги аниқ. “Дон Кихот” муаллифи СЕРВАНТЕС! Тамом;

5. Толедо ўлкасида адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган иккита музей бор. Бири Эскивиас шаҳрида жойлашган. Эскивиасда Сервантес истиқомат қилган. Иккинчи шаҳар эса айнан Сервантес туфайли дунёга машҳур ва у ердаги музей шаҳарга қилинган эътиборга яраша жавоб бўлса керак. Шаҳар номи - Тобосо. Бу номни Дон Кихотнинг севгилиси Дульсинея яшайдиган жой сифатида эшитгансиз, албатта;

6. Мардликни хуш кўрувчи, асарлари ҳам рицарлик шон-шавкати билан тўлиб-тошган Сервантес шундай деганди: “Ўқ отар қурол - жасур жентельменнинг ҳаётини қўрқоқ ва пасткаш одамнинг қўлига топширишдир!”;