Рамзан Қодиров: Менинг даврим ўтди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров автоном республика раҳбарлигидаги вақти тугаганини, ҳукумат унинг ўрнига бошқа одам топиши кераклигини маълум қилди. У бу ҳақда 27 февраль куни НТВ телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.
"Ростини айтадиган бўлсам, мен ишладим ва шу кунгача ўз вазифамни уддалаб келдим. Эндиликда, номимдан халқимга қарши фойдаланмасликлари учун, мамлакат раҳбарлари ўрнимга бошқа одамни топишлари керак, деб ўйлайман. Рост айтяпман – даврим тугади. Жамоамизда муносиб ворислар, жуда яхши мутахассислар бор", деди Қодиров.
У ҳар бир инсонда маълум бир чўққи бўлишини ва мўлжалдаги мақсадга етилгач, чўққидан тушилишини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдинроқ ҳам Рамзан Қодиров республика бошқарувида ўз вазифасини сидқидилдан адо этиб бўлганини, кейинги сайловга ўз номзодини қўйишни режалаштирмаётганини, "аммо агар, хизмат қилишда давом эт, деб айтишса, хизматни давом эттиришини" билдириб ўтганди.
Унинг 5 йиллик муддати шу йилнинг 5 мартида якунланади. У 2011 йилдан буён Чеченистон президенти сифатида фаолият кўрсатиб келди.
Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбарлиги лавозимидан кетишга тайёрлигини маълум қилди