Леонардо Ди Каприо — истеъдодли актёр, турли-туман образларга кира олади. Ижодий фаолиятини 14 ёшида бошлаган актёр мегаюлдузлар қаторида, унинг исми афишада тилга олиниши фильмнинг кассадаги муваффақиятини таъминлайди. 

11 ноябрда актёр 40 ёшини нишонлади. Шу муносабат билан Леонардо ди Каприонинг узоқ орзу қилинган “Оскар”га муносиб фильмларини эсга оламиз. 

 

“Гилберт Грейпни нима қийнамоқда?”

Бу ди Каприонинг илк жиддий иши. Актёр унда Арни — 4 ёшида қотиб қолган 18 ёшли йигитни ўйнайди. Фильмда чиндан ҳам руҳий касалликдан азоб чекаётган одам суратга тушгандек туюлади. Ди Каприонинг актёрлик истеъдоди илк бор айнан шу фильмда намоён бўлган. “Оскар” ва “Олтин глобус”га номзодлик фикримизнинг исботидир.  

 

“Пляж”

Бу фильмда ди Каприо эркин ҳаётни орзу қиладиган америкалик Ричард исмли йигитни ўйнаган. У саргузашт истаб, романтик Таиландга, қаҳрамоннинг фикрича, ердаги жаннатга бориб қолади. Бироқ ҳеч бир сирли орол одамларни зўравонлик, бешафқатлик, ҳасад, лоқайдликдан халос қилмайди. Ди Каприо бу ерда ҳам жуда яхши ўйнаган. Муҳаббати ва кураши бирдек кучли. 

 

“Нью-Йорк тўдаси”

“Тўда”да ди Каприо ғазабнок қасоскор Амстердам образида намоён бўлган. Леонардо образга кириб, севимли инсондан айрилиш азобини, ўсмирнинг ахлоқни тузатиш мактабидаги ҳолатини, қудратли кишиларга бўлган нафратини жуда яхши кўрсатиб берган. 

 

“Тута олсанг, тут мени”

Стивен Спилбергнинг “Тута олсанг, тут мени” криминал драмасидаги роли туфайли ди Каприо “Олтин глобус”га номзод бўлган, бироқ киноакадемиклар бунга парво қилишмади. Актёр Фрэнк Эбигейл — бойликка эга бўлиш учун чек қоғозлари ёрдамида фирибгарлик қиладиган қаллоб йигитни ўйнаган.