Сўнгги йилларда АҚШда юз берган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлган пиёдалар сони 10 фоизга ошди. Йўл хавфсизлиги Уюшмаси тарқатган хабарларга қараганда, 2015 йилнинг биринчи ярим йилида йўлларда юз берган фалокатлар оқибатида 2 минг 368 нафар пиёда ҳалок бўлган. Бу 2014 йилга нисбатан анча кўпдир. Бир йил муқаддам 2 минг 232 киши йўл транспорт ҳодисаларининг қурбонига айланган эди. Бу борадаги статистика 1975 йилдан бери олиб борилади. Энг кўп йўл транспорт ҳодисалари Калифорния, Флорида, Нью-Йорк ва Техас штатларида қайд қилинади. 2014 йилда бу рўйхатга Аризона, Делавэр, Невада, Луизиана, Нью-Мексико, Жанубий Каролина ва Флорида штатлари ҳам қўшилган.

National Complete Streets Coalition ташкилоти ўтказган тадқиқот натижаларига қараганда, АҚШда ҳар 8 дақиқада бир пиёдани машина уриб кетади. Пиёдалар учун энг хавфли шаҳарлар мамлакат жанубида жойлашган. Таҳлилчиларнинг фикрича, йўллар йил сайин ҳайдовчи ва йўловчилар учун хатарли бўлиб бормоқда. Сўнгги йилларда автомобиллар такомиллашиб, йўллар замонавийлашиб бораётганига қарамасдан йўл транспорт ҳодисалари миқдори камаймаяпти.

Кузатувчиларнинг фикрича, сўнги йилларда йўл транспорт ҳодисалари бўйича Россия олдинги ўринларга чиқиб олган. Ҳар йили йўл транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар юз минг россияликнинг 15-18 нафари ҳалок бўлади. Германия, Франция, Буюк Британия ва АҚШда бу рақам 2-3 нафарни ташкил қилади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, йўл транспорт ҳодисалари туфайли асосан 15-29 ёшдагилар вафот этади. 2015 йилда Россия йўлларида 21 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Пиёдаларнинг ҳалок бўлишига асосан ҳайдовчилар томонидан автомобиллар тезлигининг оширилиши бош сабаб экани тан олинади.

Жаҳон мамлакатларида кузатилаётган йўл хавфсизлиги билан боғлиқ вазият таҳлил қилинар экан, яқин йилларда йўлларда юз бериши мумкин бўлган фалокатларнинг олдини тўлалигича олиниши мумкин эмас, деган қарашлар айтилмоқда. Бу асосий муаммолардан бири бўлиб қолаверади.

Масалан, Осиё, Африка, Яқин ва Ўрта Шарқ, Кариб ҳавзасидаги мамлакатларда юз берадиган йўл транспорт ҳодисалари қурбонларининг 40 фоизини пиёдалар ташкил қилади. Иқтисоди тараққий этган мамлакатларда бу рақам 10 фоиздан 20 фоизгача иборат. Кузатувчиларнинг фикрича, жаҳон мамлакатларида юз берадиган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўладиганларни асосан 3 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида ривожланган мамлакатларда сўнгги 30 йилда вазият барқарорлашаётган бир вақтда қашшоқ мамлакатлардаги вазият ёмонлашмоқда.

Ўтган асрнинг 80-йилларида йўл транспорт ҳодисалари оқибатида жаҳонда бир йилда 300 мингга яқин киши вафот этар эди. 90-йиллар сўнгига келиб, бу рақам 500 минг нафарга етди. Бугунги кунда ҳар йили жаҳонда кузатиладиган йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 1 миллион 200 минг киши ҳалок бўлиб, 20 миллиондан 50 миллионгача одам жароҳат олади. Айни дамда жаҳон иқтисодиёти йўл транспорт ҳодисалари оқибатида кўрадиган зарар бир йилда 800 миллиард долларни ташкил қилади.