Мирзамурод Мирзаев Бухоро вилоятининг ажойиб ва мафтункор Ромитон шаҳрида туғилган. Узоқ орзу-умидлар билан кутилган кичкинтой юрак хасталиги билан туғилди. Шифокорлар унда аниқланган юрак қоринчалари ўртасидаги парда нуқсонини вақти келиб олиб ташлайдилар, деган умид оилада сўнмас эди. Лекин Мирзамурод ўн бир ёшга тулганида юрак пардалари ўртасидаги ғайритабиий тешик катталашиб, 11 см га етди. Бу юрак пардалари орасидаги тешикнинг экстремал ҳажми эди ва шу сабабдан шифокорлар зудлик билан операция қилишни талаб қилишди.

Тақдир тақозоси билан оила Новосибирск шаҳрига бориб қолди. У ердаги шифокорлар ҳам операция қилишни таклиф этдилар, лекин Мирзамуроднинг онаси Қундузнинг айтишича, ҳеч қандай кафолат берилмади.

Юрак қоринчалари ўртасидаги парда нуқсонини тузатиш операцияси - энг кўп ўтказиладиган, шу сабабдан энг яхши ўрганилган жарроҳлик услубларидан ҳисобланади. Лекин бола юрак хасталигидан ҳолсизланган бўлса, вазнида камомад аниқланса, парда нуқсони катта бўлса, очиқ юракда, сунъий қон айлантириш ускунасига болани улаб, операция қилиш, албатта, хавфли ҳол. Ота-она таваккалга ишонмадилар ва ватанига қайтдилар. Озгина вақт ўтгач, Мирзамуроднинг отаси тирикчилик ишлари билан кетди ва шундан бери ундан ҳеч бир хабар йўқ.

Вақт оқиб кетаверди, шу билан бирга, юрак операция қилиш учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолиши хавфи ҳам ошиб бораверди. Бу хасталикнинг шундай бир ёмон хусусияти бор - бир нуқтага келиб, юрак жарроҳлик учун яроқсиз бўлиб қолади. Лекин турмуш ўртоғисиз қолган Қундуз учун яна бир тўсиқ пайдо бўлди - очиқ юракда операция қилиш учун зарур бўлган махсус қимматбаҳо оксигенатор ускунасига пул етишмасди.

Тўғри, Ўзбекистонда болаларни даволаш бепул, лекин, афсуски, ҳамма муҳтожларга ҳам оксигенаторлар етишмайди...

Мирзамурод туғилиб-ўсган Ромитонда Хўжа Азизоннинг мақбараси бор - афсоналарга кўра, у зот буткул бечора бўлиб қолган инсонларга ҳам шифо келтирган. «Мен мўъжизага ишондим ва у рўёбга чиқди - оддий, лекин меҳрибон инсонлар ҳаракати билан», - дейди Мирзамуроднинг онаси.

Операцияга зарур бўлган оксигенаторлар «Сочная долина» савдо белгиси 2015 йилнинг ноябрида ўтказган «Ҳаётларни бирга қутқарайлик!» акцияси давомида тўпланган маблағлар ҳисобидан харид қилинди. Ноябрь ойи мобайнида ҳар бир сотилган шарбат қутисидан тушган пулнинг бир қисми оғир хасталикка чалинган болаларни операция қилиш учун жамланди. Акция 15 нафар боланинг операциясига етарли пул маблағи тўплади.