Ўзбекистонлик ташаббускор фаол ёшлар “e-yoshlar”да Наврўз” виртуал акциясини жаҳон тренди даражасига кўтаришди
Турли соҳаларда фаолият олиб борувчи, хорижда ва маҳаллий олий таълим муассасаларида таълим олувчи ўзбекистонлик фаол ёшлар ижтимоий тармоқ имкониятларидан фойдаланган ҳолда Наврўз байрамини ўзгача усулда нишонлашди.
e-yoshlar.uz сайтининг ўзига хос “ташриф қоғозларидан” бири ҳисобланган #NavrUZ хеш-тегининг ижтимоий тармоқларда кенг ёйилиши Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги шаҳар ва туман марказларидаги байрам тантаналари билан ҳамоҳангликда олиб борилди.
Жойларда фаолият юритган “МОБИЛ МУХБИРЛАР” томонидан “e-yoshlar”да Наврўз” виртуал акцияси доирасида он-лайн фото, видео репортажлар узлуксиз жўнатиб турилди ва жаҳон оммасига виртуал тарзда ҳавола этилди.
Акциянинг муҳим қисмларидан бири бўлган - #NavrUZ хеш-тегини дунё трендига чиқариш мақсади ҳам амалга оширилди. Соат 12:00дан 18:00 гача бўлган вақт давомида 270 мингдан ортиқ твит ёзилиб, ўзбекистонлик Твиттер фойдаланувчилари рекорд натижа билан (Соат 16:00 дан 17:00гача 115 мингга яқин твит) яна бир бор дунё трендига чиқишди.
“e-yoshlar”да Наврўз” виртуал акцияси қамрови жиҳатидан 13 млн. 100 минг кишини ўз ичига олди. Бутун акция давомида 8 млн. га яқин нашр ёзилди. 2 млн. 100 минг нафар киши байрам тантаналари ўтказилаётган майдонлар, турли истироҳат боғларида ўтказилган акциялар давомида “e-yoshlar”да Наврўз” лойиҳасининг бевосита иштирокчиси ёки кузатувчисига айланишди.
Ижтимоий тармоқларда 3 млн. дан зиёд фойдаланувчи виртуал акцияда фаол иштирок этди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, лойиҳа давомида ҳудудлардан акцияни ўтказиш Штабига келиб тушган материаллар сони 21 минг (видео, аудио, матн ва фотосуратлар)дан зиёдроқни ташкил этди.
Тўлақонли байрамона “веб-сайил”га айланган виртуал акциядан кўзланган асосий мақсад эса Наврўз байрамини ҳам кенг жамоатчилик, ҳам виртуал оламда бутун дунё аҳли билан нишонлаш ва унинг асосида “E-yoshlar.uz” сайти тақдимоти ва тарғиботини ташкил этиш, ёшларимизни ушбу сайт имкониятлари ва имтиёзларидан хабардор қилиш, юртимизда рўй бераётган жараёнларга бефарқ бўлмасликка чорлаш, Миллий қадриятларимиз ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, ёшларда Ўзбекистон фарзанди эканлигидан фахрланиш туйғусини янада оширишдан иборат.