Ер юзи аҳолиси тезлик билан кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда сайёрамизда яшаётган аҳоли сони 7 миллиарддан ошиб кетди. Аҳоли сони ошиб борар экан, шу билан бирга бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган халқлар ҳам борлигидан асло кўз юмиб бўлмайди.
Гап бу ерда сон жиҳатидан камайиб бораётган қабила ва элатлар ҳақида бормоқда. Улар глобализация ва ассимиляциянинг қурбонига айланмоқда. Шу тариқа йўқолиб бораётган халқ билан бирга, уларнинг маданияти ва турмуш тарзи ҳам йўқ бўлиб кетмоқда.
Тезлик ва нанотехнологиялар асрида цивилизациядан панада бўлган халқлар ҳам мавжудки, уларнинг айримларининг тақдири хавф остида қолмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ер юзида 370 миллионга яқин туб халқ вакиллари истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг 5 фоизи демакдир. Сайёрамизда 6 мингта халқ бўлиб, тадқиқотларга кўра, халқларнинг сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Цивилизация камсонли халқларни ер юзидан супуриб ташламоқда, гўёки. Улар билан бирга тиллар, маданиятлар йўқолиб бормоқда. Инсоният такрорланмас маданиятдан аста-секин жудо бўлиб бормоқда. Агар табиада қандайдир ҳайвон ёки ўсимлик йўқолиб кетиш арафасида турган бўлса, бу ҳақда бонг урилади. Бутун бошли халқлар йўқолиб борар экан, бунга оддий, шу билан бирга табиий ҳодиса сифатида қараб бўлмайди. Чунки сайёрамиз халқлари орасида хилма-хиллик бўлмас экан, бу инсоният эволюциясига салбий таъсир кўрсатиши турган гап.
Маданиятлар хилма-хиллигининг камайиб боришини фожеа сифатида қабул қилиш керак. Маданиятлар тирик организмга ўхшайди. Улардан бири олиб ташланса танамиз кемтик бўлиб қолади.
Сураткаш Жимми Нельсон қўлидаги фотоаппарат билан дунё бўйлаб сайёҳат қилар экан сайёрамизнинг турли мамлакатларида бўлган. У майда халқлар вакиллари орасида бўлиб, уларнинг турмуш тарзини цивилизия вакилларига етказишга ҳаракат қилади. Жимми Нельсоннинг лойиҳаси “Ҳозирча улар йўқ бўлиб кетмади” деб номланади. Лойиҳа ташқи дунёдан бутунлай ажралиб қолган халқлар турмуш тарзи, ҳаёти, урф-одатлари ҳақида атрофлича маълумот беради.
Журналлардан бирига берган интервьюсида Жимми Нельсон уч йил мабойнида 44та мамлакат худудида истиқомат қилаётган 29 та қабила вакили орасида бўлганини айтган эди. Унинг лойиҳаси сайёрамиз аҳолисининг ноёб қирраларини очиб беришга имкон беради.
Йўқолиб бориш хавфи арафасида бўлган халқларнинг урф-одат ва анъаларини асраб қолиш мақсадида Бразилияда бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, ўтган йилнинг 23 октябридан 1 ноябрига қадар туб халқ вакилларининг биринчи халқаро спорт мусобақалари ўтказилди. Мусобақаларда 2200 нафар спортчи иштирок этди. Бразилиядаги туб аҳоли вакилларидан ташқари 20 та мамлакатдан, жумладан, АҚШ, Канада, Мексика, Янги Зеландия, Россия, Мўғилистон, Парагвай, Гватемаладан вакиллар келди. Шу тариқа туб халқ вакилларининг маданияти ва анъаналари кенг тарғиб қилинди.













