Спорт | 08:36 / 24.03.2016
1767
1 дақиқада ўқилади

УЕФА 2018 йилда ЕЧЛ форматини жиддий равишда ўзгартирмоқчи

УЕФА раҳбарияти Европа чемпионлар лигасининг ўтказилиш тартибини ўзгартириш бўйича вариантларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар қилган.

Кўриб чиқилаётган вариантлардан бирига кўра, 2018 йилда турнирда иштирок этувчи жамоалар сони ҳозирги 32тадан 16тагача туширилиши ва гуруҳлар сони 8тадан 2тага камайтирилиши мумкин.

Бу ҳолатда, ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида кўпроқ ўйинлар ўтказилади ва кучли жамоаларнинг ўзаро тўқнашувлари сони ортади. Гуруҳ босқичининг давом этиш даври узайиб, бу босқич ҳозиргидек декабрда эмас, Янги йилдан кейин якунланади.

УЕФАдагилар ҳисоблашича, бундай ўзгаришлар турнирга бўлган қизиқишни янада оширади ва телетрансляциялар ҳуқуқини сотиш ҳамда ҳомийлик шартномаларидан келадиган даромад кўпаяди. Ўзгаришлар 2017-2018 йиллар мавсумидан кейин жорий қилиниши мумкин.