Энди Тошкентда трамвай юрмайди
Бугун – 28 март куни Тошкент шаҳри ҳудудидаги йўллар таъминоти мавзусига оид матбуот анжуманида шаҳар ҳокими Усмонов Раҳмонбек Жаҳонгирович яқин кунларда Тошкент шаҳрида трамвайлар ҳаракати бутунлай тўхтатилишини тасдиқлади.
Шаҳар ҳокимининг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри ҳудудидаги йўлларнинг ривожланиши, мавжуд стандартлардан Европа йўл стандартларига ўтиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган махсус концепция асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Шунингдек, шаҳар ҳокими хусусий автомобиллар сонининг кўпайиши, қолаверса, бугунга келиб самарасиз бўлиб қолган трамвай тармоқлари сабабли юзага келган муаммолар, уларнинг ҳал этилиш режаси билан шаҳар харитаси асосида батафсил тушунтирди.
Яқин кунларда Тошкент шаҳрида трамвай ҳаракати бутунлай тўхтатилиб, уларнинг ўрнига айни шу йўналишда ҳаракатланувчи автобуслар фаолият бошлайди. Масалан, 5 апрелдан бошлаб, (трамвай ҳаракати тўхтамагани ҳолда) 13-трамвай йўналишда 13-Т автобуси синов автобуси қатнови бошланади. Шу тариқа, йўловчилар йўлдаги ўзгаришларга асталик билан кўниккач, трамвай ҳаракати олиб ташланади.