Эбола вирусининг халқаро ҳамжамиятга кенг миқёсда тарқалиш хавфи пасайган. Ғарбий Африка мамлакатларида тарқалган Эбола касаллиги, эндиликда халқаро соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазият деб баҳоланмайди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Эбола бўйича қўмитаси баёнот берган.
“Бу юқумли касалликнинг турли давлатларга тарқалиш хавфи кам ва кутилмаган ҳолатлар вужудга келгудек бўлса, ташкилотга аъзо давлатлар зудлик билан чоралар кўра олади”, – дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган ҳисоботда.
Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леоне ҳукуматлари вируснинг қамрови аввалги миқёсда эмаслигини маълум қилгач, шундай хулосага келинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Эбола вирусининг Ғарбий Африка давлатларида кенг тарқалиши 11 минг 300дан ортиқ кишининг ўлимига олиб келди. Эбола умумий ҳисобда Ғарбий Африкада 28 минг 600 кишига юқди. Таҳлилчиларнинг фикрича, касалликни юқтирган ва қурбонлар сони бундан-да кўп бўлиши мумкин. Чунки, расмий статистикага фақат шифокорларга мурожаат қилганларгина киритилмоқда.
Қурбонларнинг аксарияти уч давлат – Гвинея, Сьерра-Леоне ва Либерия ҳиссасига тўғри келди. Бунинг оқибатида 22 минг нафар болалар етим қолишди.
Экспертларнинг фикрича, эндиликда Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леонега сайёҳат қилиш ва савдо-сотиқда чекловлар жорий қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлашмоқда. Қўмита тавсиясига биноан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Чень Эболага жорий этилган фавқулодда чораларни бекор қилди. Шу билан бирга, мутахассислар эпидемиядан азият чеккан мамлакатларга кўмак беришда давом этмоқда.
Эбола (инглизча. Ebola Haemorrhagic Fever, EHF, лотинча Ebola febris haemorrhagica) — хавфли вирус бўлиб, унга чалинганларнинг 90 фоизи вафот этиши мумкин. Тарихда илк бор бу вирус 1976 йилда Судан вилоятлари ва Зоир (ҳозирги Конго Демократик Республикаси) ҳудудларида қайд қилинган эди. Ўшанда Суданда 284 киши бу касаликка чалинган бўлса, уларнинг 151 нафари вафот этган эди. Зоирда эса касалликка чалинган 318 кишининг 280 нафари ҳаётдан кўз юмди. Касаллик илк бор Эбола дарёси соҳилларида қайд қилингани боис Эбола номи билан аталади.
Эпидемия йиллар ўтиб такрорланиши айтилади. Энг катта йўқотишлар 2003 йилдан бошланган. Ўша йили Конгода Эболадан 128 киши халок бўлган эди. 2014 йили бошланган эпидемия эса қамрови жиҳатидан энг даҳшатли бўлгани тан олинади. Бу гал касаллик нафақат учта мамлакатни, балки Африканинг бошқа худудларини ҳам қамраб олди. Бунинг оқибатида Нигерия, Сенегал, Мали давлатларида ҳам касаллик кенг тарқала бошлади. Эбола бошқа қитъаларга, жумладан АҚШ, Испания, Буюк Британия, Германия, Канада каби мамлакатларда қайд қилинганидан сўнг жаҳон мамлакатлари оёққа турди. Бу мамлакатларнинг ҳаммасида Африкага бориб келганлар эболага чалингани маълум бўлди.






