Жаҳон | 07:55 / 17.04.2016
2156
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг Су-27 самолёти Болтиқ денгизи устида АҚШнинг разведкачи самолётини таъқиб қилди

АҚШ қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги вакили Дэнни Хернандес Россиянинг Су-27 қирувчи самолёти Болтиқ денгизи устида АҚШнинг RC-135 разведкачи самолётидан 15 метр узоқликда "тажовузкорона ҳаракатлар" амалга оширганини маълум қилди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар бермоқда. 

Хернандес бу воқеа 14 апрелда юз берганини айтди. Унинг айтишича, Россия самолёти АҚШ самолёти қанотидан 15 метр узоқликда учиб ўтиб, унга нисбатан "беқарор ва тажовузкорона ҳаракатлар" амалга оширган.

"Бир учувчининг хавфли ва нопрофессионал ҳаракатлари икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашишига олиб келиши мумкин эди", деб айтди Хернандес.

Хернандес RC-135 самолёти Су-27 томонидан хавфли ва нопрофессионал тарзда таъқиб қилингани ҳамда АҚШ самолёти Россия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ Россиянинг Су-24 самолёти Болтиқ денгизида АҚШнинг "Дональд Кук" ракета эсминеци устидан учиб ўтгани маълум қилинганди.