4 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеяси анъанавий Меркатор проекциясидаги дунё харитаси ўрнига тенг майдонли Equal Earth проекциясидан фойдаланишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бу проекция бурчакларни ҳам, майдонларни ҳам аниқ сақламайди, бироқ мамлакатлар ва қитъалар майдонлари нисбатини анча тўғри акс эттиради.

Резолюция тарафдорларининг фикрича, бундай бузиб кўрсатиш ўнлаб йиллар давомида Африка ва глобал Жанубнинг бошқа минтақалари аҳамиятини визуал тарзда пасайтириб келган ва уларнинг таълим, маданият ҳамда сиёсатдаги идрокига таъсир кўрсатган. Меркатор проекциясида эса, аксинча, Россия ва Гренландия юқори кенгликларда жойлашгани туфайли ўзининг ҳақиқий ўлчамларидан анча катта кўринади.

2745
Фото: equal-earth.com

Equal Earth проекциясига асосланган харита

Резолюцияни 164 мамлакат қўллаб-қувватлади, олтитаси бетараф қолди. Фақатгина АҚШ қарши овоз берди. Япония дастлаб резолюцияни ёқлаб овоз берган эди, бироқ пайшанба куни Япония ҳукумати вакили Минору Кихара янги харитада «Япония ҳукуматининг позициясига зид тасвир мавжудлигини» маълум қилди.

«Биз дипломатик каналлар орқали харита сайтининг операторига норозилик билдирдик ва ушбу тасвирни тузатишни талаб қилдик», — деди Кихара.

Курил оролларининг жанубий қисми Иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра 1945 йилда СССР назоратига ўтган. Япония Итуруп, Кунашир, Шикотан ороллари ва Ҳабомаи ороллар гуруҳини ўзига тегишли деб ҳисоблайди ҳамда уларни «Шимолий ҳудудлар» деб атайди. Ушбу баҳс туфайли Москва ва Токио Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳалигача тинчлик шартномасини имзоламади. 2026 йил август ойида Владимир Путин илк бор баҳсли оролларга ташриф буюрди, шундан сўнг Япония Россия элчисини чақиртириб, «қатъий норозилик» билдирган эди.