Kun.uz’нинг АҚШдаги мухбири Сиэтлда бош консул Аҳрор Бурҳонов билан суҳбатлашди. Дипломатга кўра, Америкада Ўзбекистонга ишонишяпти, Тинч океани минтақасида ваколатхона очишдан асосий мақсад ҳам давлатни танитиш ва фуқароларни ҳимояга олиш. Хўш, нега айнан Сиэтл танланди ва консул ҳукуматдан қайси топшириқлар билан келган?

Сиэтлда ўтган ҳафта бош консуллик расман очилди. Унда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси, БМТдаги доимий вакили, Ню Йоркдаги бош консул ва Вашингтон штати расмийлари қатнашди. Ҳаммани қизиқтираётган асосий савол шуки, нега АҚШнинг ҳудуди охирги нуқтаси ваколатхона очиш учун танланди?

Kun.uz’нинг АҚШдаги мухбири Сиэтлдаги бош консул билан суҳбатлашди. Аҳрор Бурҳоновга кўра, шаҳар катта иқтисодий макон. Microsoft, Amazon, Google ва қатор компанияларнинг офислари жойлашган. IT, машинасозлик, авиация, тиббиёт ва ишлаб чиқариш бўйича штат ижобий натижаларга эга. Бундан ташқари, АҚШнинг бу томонида Ўзбекистонни ҳеч ким билмайди, тарғибот муҳим.

“Келганимизда ўзи Сиэтл ваколатхона очишимизга тайёрми деган саволни кўтардик. Ростини айтсам, сўровномада қатнашган ҳар ўнта одамдан тўққизтаси Ўзбекистонни танимади. Американинг бу томонида биз давлатни танитишимиз керак деб ўйладик”, дейди бош консул.

Дипломатнинг қўшимча қилишича, у аввало Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш ва ёрдам кўрсатиш топшириғи билан келган. Бундан ташқари, сунъий интеллект, робототехника, ишлаб чиқаришдаги катта компаниялар билан мулоқот йўлга қўйилган. Яқинда Вашингтон штати савдо делегация сафарини ташкиллаш борасида жараён давом этмоқда. Ўзбекистон маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича АҚШ компаниялари билан музокаралар бўлиб ўтяпти.

Хўш, консуллик кимларга хизмат кўрсатади? Бош консулга кўра, Сиэтлдаги ваколатхона тўртта штат – Вашингтон, Монтана, Айдаҳо ва Орегонга жавобгар.

Аҳрор Бурҳонов ваколатхона биносининг ижарага олиниши ҳақида ҳам гапираркан, 39-қаватдаги жой дипломатия ишга солингани сабаб уч баравар арзонга тушганини айтади.

“Шаҳарнинг 30%ини қурган одамга тегишли бу бино ҳам. Айнан уни топдик ва Ўзбекистонни танитишга ҳаракат қилдик. Биродар шаҳар эканини эслатдик, шунда ижара ҳаққи уч бараварга арзонлади”, дейди у.

Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилинг.