Шоир Насриддин Ботиров 1965 йил, 5 майда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида таваллуд топган. Она Ватан, юрт ва севги шеърларидан бўлган қўшиқларни халқимизнинг севимли ҳофизлари куйлаб келади.
“Она юртимизнинг фидоий маънавиятчиси Насриддин Ботировнинг шеърларини ўқиб кўнглим бир ёришди. Тўғри, шеърият бу чексиз, чегарасиз уммон. Ундан ҳар бир ижодкор хоҳлаганича чанқоғини қондиради. Шеърлари ёқимли, юраги ҳам қордек покиза, умидли шоир укамизнинг шеърларини ўқиб ҳаяжонландим”, деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов.

Насриддин Ботиров бугунги кунда Маънавият ва маърифат кенгаши масъул ходими вазифасида фаолият юритмоқда.
Саккизлик
Дунё саволларга кўмилиб қолган,
Жавоблар ололмай юрагим толган.
Худо ҳаётимга фақат куй солган,
Саволларим кўпдир, жавобларим кам.
Саволлар йўлланар биз сари мубҳам,
Шеър ёздим, изтироб, қувонч ва алам”.
Муҳаббат ўтида юрак куйса ҳам,
Саволларим кўпдир, жавобларим кам.
Элим
Бу эл қорни ёқар топиб қаловини,
Ўчоғидан ҳеч ўчирмас оловини,
Баланд тутар туғи баланд яловини,
Олисларга қараб борар карвони бор,
Шерюракли билинг доно сарбони бор!
Бир болани етти кўча болам дейди,
Қизларини эркалаб, жон — онам дейди,
Боғларию тоғларини далам дейди,
Олисларга қараб борар карвони бор,
Шерюракли билинг доно сарбони бор!
Ноз-неъматга тўла доим дастурхони,
Билинг, катта давлатидир болажони,
Бойликка қон, қиру, ҳам ёбони,
Олисларга қараб борар карвони бор,






