Ўзбекистон | 15:16 / 23.04.2016
2830
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё, Форс кўрфази ҳамда Уммон денгизи портлари транспорт йўлагини яратиш битими кучга кирди

2016 йилнинг 23 апрель куни халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод Битими кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти хабар тарқатган.

Бу битим 2011 йилнинг 25 апрелида Эрон Ислом Републикаси, Уммон Султонлиги, Туркманистон, Қатар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Битим (Ашхобод Битими) имзоланганди. 2013 йилда Қатар лойиҳадан чиқишга қарор қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 октябрдаги қарори билан ушбу битимнинг амалга оширилиши бўйича Меморандумни тасдиқлади.

Ушбу меморандум 2014 йил 6 августда Маскат шаҳрида имзоланган эди.

Ҳужжат Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфази ҳамда Уммон денгизи портлари ўрасидаги товарларни узлуксиз ташишга ва транзит учун ишончли транспорт йўлагини яратишга йўналтирилган.

Битим транспорт харажатларини оптималлаштириш мақсадида юкларни ташиш тезлигини оширишга, шунингдек расмий ҳужжатлар ва тартиб қоидаларни осонлаштириш ва уйғунлаштиришга имкон яратади.

Ушбу Битимнинг тўлиқ матни билан Lex.uz сайтида танишиш мумкин.