Жаҳон | 08:03 / 24.04.2016
1707
2 дақиқада ўқилади

Вашингтон метросида ёнғин чиқди

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари 23 апрелда кечки пайт Вашингтон метроси станциясида портлаш овози эшитилгани ва ёнғин чиққанини маълум қилишди.   

Маълум қилинишича, портлаш маҳаллий вақт билан соат 19:15да Тенлитаун станцияда юз берган. Шундан кейин ёнғин чиққан. Воқеа жойига 8 та ўт ўчириш машинаси ва тез тиббий ёрдам машиналари етиб келган.

Воқеа гувоҳлари Вашингтон транспорт бошқармасининг нотўғри ҳаракатларидан шикоят қилишган. Уларнинг айтишича, бошқарма бу ҳолатда йўловчиларга тегишли кўрсатмалар бермаган ва бунинг оқибатида йўловчилар орасида ортиқча саросима келиб чиққан.

Колумбия округи ўт ўчириш-қутқарув хизмати воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди. Хизматнинг маълум қилишича, кучли тутунланиш ўчоғи станциянинг техник ҳудудида бўлган, бу ерда изоляция материали ёниб кетган. Тутун Тенлитаун ва Френдшип Хайтс станциялари орасидаги туннелни қоплаган.

Тенлитаун станцияси ёпилган, поездларнинг бу қисмдаги қатнови тўхтатилган. Одамлар учун махсус йўналишда қатновчи автобуслар тақдим қилинган.