Mazda купесифат кроссовер ишлаб чиқди
Япониянинг Mazda автомобилсозлик компанияси ўзининг биринчи купе шаклидаги кроссовери CX-4ни тақдим этди. У Пекинда бўлиб ўтаётган автомобиль кўргазмасида намойиш этилган. Ушбу йўлтанламас ҳозирча фақат Хитойда сотилади. Autocar нашрининг хабар қилишича, ишлаб чиқарувчилар CX-4 жаҳон бўйлаб сотилиши мумкинлигини рад этишмаяпти. Аммо motor.ru нашри маълумотига кўра, Mazda янги маҳсулотини Россия бозорига олиб кириш ниятида эмас.
Mazda CX-5 платформасида барпо этилган CX-4 олд тарафида “МакФерсон” қўлланилган, орт томонда мустақил кўптармоқли ричаг ўрнатилган. Бунда олд ва орқа томон подвескалари геометрияси ўзгартирилган. Буларнинг бари, бошқарув давомида автомобиль енгил юриши учун амалга оширилган.
Mazda CX-4нинг габарит ўлчамлари бўйига 4633 мм, энига 1840 мм, баландлиги 1530 мм.ни ташкил этади. Ғилдирак ўрнатиладиган жой 2700 мм. Янги йўлтанламас CX-5дан 78 мм. узунроқ, аммо 130 мм.га пастроқдир. Икки машина эни ва ғилдирак жойлари бир хил.
Йўлтанламаснинг юкхонаси ҳажми, орқа ўриндиқлар суянчиғи тик турган ҳолатда 400 литрни ташкил этади. Ўриндиқлар йиғилган ҳолда, юкхона 3 мартадан кўпроққа кенгайиб, 1228 литрни ташкил этади.
Mazda компанияси CX-4 учун SkyActive русумидаги 2.0 ва 2.5 литр ҳажмли икки хил двигателни тайёрлаб қўйган. Унинг биринчиси 157 от кучи билан таъминлай олса, иккинчиси 191 от кучи беради. Кучсизроқ моторга 6 босқичли механик узатмалар қутиси ёки 6 диапазонли автоматик узатмалар қутиси ёрдам берса, бирмунча кучли агрегат фақат автоматик узатмалар қутиси ёрдамида машинани ҳаракатга келтиради.
Йўлтанламас, шунингдек, i-ACTIV AWD барча ғилдиракларни айлантириш тизими ва кинетик энергиядан рекуперлаш усули ёрдамида фойдаланиш имконини берувчи i-ELOOP тизими билан жиҳозланади. i-ELOOP машинани тормозлаш вақтида ҳосил бўлган энергияни тўплаб, ёритқичлар, кондиционер ва аудиотизимларни энергия билан таъминлайди.
Mazda CX-4 ташқи кўриниши, Mazdaнинг жорий KODO услубида ишлаб чиқилган. Айни услуб, хусусан «олтилик» ва CX-9ни ишлаб чиқишда қўлланилган. Моделнинг интерьери ҳам компаниянинг бошқа машиналарига ўхшаб кетади. Аммо, CX-4га янги ускуналар панели ўрнатилади.
Кроссовер тўпламига, 17-дюймли резина ўрнатилган дисклар, (2.5литрлик двигатель ўрнатилганига 19 дюмли), проекцион дисплей, Bluetooth, USB ва навигаторли MZD Connect медиатизими ҳамда бир нечта хавфсизлик тизимлари киради. Хавфсизлик тизимларига, жумладан ҳайдовчига кўринмайдиган ва автомобиль орқага ҳаракатланаётганда перпендикуляр турган машинадан огоҳлантириш ҳамда автоматик тўхташ тизими киради.