FT: АҚШда нефтгаз соҳасидаги дефолтлар сони ортиб бормоқда
Америка Қўшма Штатларида дефолт (қарздорлик бўйича тўлов мажбуриятини тўлиқ ёки қисман бажара олмаслик) ёқасида турган нефть-газ компаниялари сони тобора кўпайиб, айни вақтда энг юқори кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Financial Times газетаси хабар қилган.
Fitch агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йил мобайнида Американинг 13 фоиз нефтгаз компаниялари қарзлари туфайли банкрот бўлган, 2014 йилда эса бу рақам атиги 2 фоизни ташкил этган. Сўнгги 3 кун ичида яна иккита Ultra Petroleum ва Midstates Petroleum компаниялари ҳам касодга учраганини эълон қилган.
Таҳлилчиларнинг башоратларига кўра, 2016 йил охирига келиб бу рақам 20 фоизга етиши мумкин. Invesco компанияси эксперти Скотт Робертснинг нашрга билдирган фикрига кўра, ушбу соҳада фаолият юритаётган компанияларнинг дефолти билан боғлиқ воқеалар давом этади, чунки уларнинг аксарияти нефтнинг бир баррели 45 долларга сотилаётган шароитда ишлашга тайёр эмас.
Бундан аввалроқ, Америка нефтгаз компаниялари акционерлари 2016 йилда қарийб 7,5 млрд доллар йўқотиши хабар қилинган эди.