У бугун орамизда йўқ бўлса-да,  “Сени бугун кўрмасам бўлмас”, “Она”, “Ёлғизим”, “Ғамзаларинг”, “Кетмади ёр”, “Сени бу”, “Унутмоқ осонмас”, “Ёнимга кел ёрим”, “Дилда сўзим қолди”, “Келинчак”, “Сиздан узр” каби дилкаш қўшиқлари билан ҳамон мухлислар хотирасида яшаб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Шуҳрат” медали соҳиби Охунжон Мадалиев ҳамон қалбларимизда барҳаёт яшаб келмоқда. 

“Дадам санъаткор бўлишимни истамаган!”

Қиличбек Мадалиев: (ўғли) — Илгари ҳозиргидек офислар йўқ эди. Дадам ва мусиқачилар уйимизда тўпланиб ижод қилишар, мен уларни  бироз томоша қилиб, яна ўйинга чалғиб кетардим. Демоқчи бўлганим, менда санъатга бўлган қизиқиш ўша пайтда уйғонган бўлса-да, бирор марта қўлимга микрофонни ушлаб, қўшиқ айтишга ҳаракат қилмаган эканман.

“— Катта бўлганимда  прокурор бўламан”, — десам дадам хурсанд бўлиб кетардилар. Кейин билсам, дадам менинг санъаткор бўлишимни истамаган эканлар. Сабаби, ўзлари санъаткор бўлганлари боис, уйда жуда кам бўлар, биз дадамни ҳафталаб кўрмасдик. Баъзида хизматдан ярим тунда келар, бизни ухлаб ётган жойимиздан: ўғлим юринг, бу кеча менинг ёнимда ухланг деб уйғотиб олиб чиқиб кетардилар. Менга бир ҳафта давомида нима билан банд бўлганликларини эринмасдан сўзлаб берардилар. “Энди ўғлим, сиз гапириб беринг”, — дея кейин мендан бир ҳафта ичида нималар билан банд бўлганимни ҳафсала билан тинглардилар. Жуда камгап ва камтар инсон эдилар. Ота бўлиб бирор марта бизни чертмаганлар. Ёки уйда ҳеч биримизга баланд овозда гапирмаганлар. Дадамнинг оламдан ўтганликларини билиб, ўзимга келолмаганман.

Бугун эса концертларда, тўй хизматларида дадам халқ орасидан мени кузатиб туришини, ижодимни, мухлисларнинг олқишини кўриб хурсанд бўлишини истайман. Аммо бу менга армон бўлиб қолди...

“Эшикни қоқишса, Охун келдими, дейман...”

Абдуғаффор Давронов (синфдоши): — Дўстим Охунжон Мадалиев ҳаётда жуда камтар ва самимий инсон эди. Болалигида ҳам меҳрибон, сахий ва одамохун бўлган.  Мактабда турли тадбирларда қўшиқ куйлар, расм чизишга бўлган қобилияти билан ҳам ҳаммани қойил қолдирарди.

Ҳинд кинофильмлари, пластинкаларга ёзилган театр спектаклларидаги диалогларин бошидан охиригача ёдлаб, Охун билан бирга роль ўйнар, кўпчиликнинг диққатини тортишга ҳаракат қилардик. Мен учун Охунжон ҳали тирик. Кимдир эшик қоқса  ёки уйим ёнидан бирор машина сигнал чалиб ўтса, худди Охунжон илгаригидек мени сўраб келгандек туюлаверади.