Бу масалалар Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Maroof International Hospital раҳбари Носир Аҳмаднинг Исломободдаги учрашувида кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Музокараларда соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ва тиббий туризм соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Покистон вакили Ўзбекистонда диагностика ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.
Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида Ўзбекистондаги тиббиёт техникумлари билан биргаликда 3–6 ойлик қисқа муддатли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ушбу дастурлар ҳамширалар, лаборатория мутахассислари ва шошилинч тиббий ёрдам ходимларини замонавий усуллар асосида тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга қаратилган бўлади.
Шунингдек, малакали мутахассислар иштирокида онлайн дарслар, маҳорат дарслари ва амалий тренинглар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Талабалар учун қисқа муддатли амалиёт дастурларини ташкил этиш ва тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тиббий технологиялар ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Бухоро вилоятида Жанубий Корея технологиялари асосида ишлаб чиқарилаётган коронар стентларга алоҳида эътибор қаратилди. Носир Аҳмад ушбу маҳсулотларни Покистон бозорига экспорт қилишга қизиқиш билдирди.
Томонлар тиббий туризмни ривожлантириш бўйича таклифларни ҳам қўллаб-қувватлади. Хусусан, Покистон фуқаролари учун Ўзбекистонда диагностика, даволаниш ва соғломлаштириш хизматларини туризм дастурлари билан уйғунлаштириш муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Maroof International Hospital клиникаларида ўзбекистонлик беморларга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш таклиф этилди.
2009 йилда ташкил этилган Maroof International Hospital — 220 ўринли кўп тармоқли хусусий тиббиёт муассасаси. Унда кардиохирургия, болалар кардиохирургияси, нейрохирургия, минимал инвазив жарроҳлик, гинекология, педиатрия, реанимация ва шошилинч тиббий ёрдам йўналишлари мавжуд.
Хабарда Ўзбекистонда ташкил этилиши муҳокама қилинган марказ ёки клиниканинг жойлашуви, инвестиция ҳажми ва очилиш муддати келтирилмаган.















