Кремлевнинг айтишича, у АҚШ президентининг ўғли билан бир тадбирда қатнашган, аммо тўй маросимининг ўзида бўлмаган. Тадбиркор харажатлар қопланганини тасдиқлаган, бироқ пул қайтарилишини кутмаганини билдирган.

«Харажатларни қайтардими ёки йўқми, деган саволга келсак — ҳа, қайтарди», — дея Кремлевнинг сўзларини келтирган ТАСС.

IBA раҳбари буни алоҳида совға деб ҳисобламаганини, гап умумий тадбир ҳақида кетаётганини айтган. У вазиятни меҳмонларни дала ҳовлига таклиф қилиб, кейин уларга ҳисоб тақдим этишга қиёслаган.

Кремлев Трамп-младший билан дўстона муносабатда эканини ҳам таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, у АҚШ президентининг ўғлидан ўзига ёрдам беришни сўрамаган.

Доналд Трамп ҳам 18 сентябр куни журналистлар билан суҳбатда ўғли Кремлевга пулни қайтарганини айтган эди. АҚШ президенти дўстлардан бири тўй муносабати билан ўтказилган байрам харажатларини тўлашини одатий ҳолат сифатида баҳолаган.

Масала 14 сентябрда ProPublica нашри эълон қилган журналистик суриштирувдан кейин жамоатчилик эътиборига тушган. Унда кичик Трампнинг Багама оролларидаги тўй тантаналари харажатларининг бир қисмини Кремлев тўлагани айтилган.

Шундан сўнг Трамп Axios нашрига Умар Кремлевни танимаслигини билдирган. Унинг изоҳига кўра, россиялик бизнесмен тўйнинг ўзини эмас, келин-куёв шарафига кейинроқ ташкил этилган базмни молиялаштирган. Президент тўй бошқа жойда ва бошқа куни ўтганини, ўзи эса мазкур базмда қатнашмаганини таъкидлаган.

Воқеа АҚШ Конгрессидаги демократлар эътиборини ҳам тортган. Вакиллар палатаси Назорат қўмитаси аъзоси Роберт Гарсия Оқ уй аппарати раҳбари Сюзи Уайлзга хат йўллаган.

Axios маълумотига кўра, Гарсия қўмитадаги демократлар Трамп оиласи президентга яқинлигидан молиявий манфаат олиш учун фойдалангани ҳақидаги даъволарни ўрганаётганини билдирган. Базм харажатларини россиялик тадбиркор қоплагани ҳақидаги хабарлар ҳам шу доирада текширилиши мумкин.