Жаҳон | 12:40 / 06.05.2016
7490
2 дақиқада ўқилади

Хоменеий: АҚШ Ислом, Эрон ва шиаларга қарши урушмоқда

Эрон диний раҳнамоси ва олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоменеий "бугунги кунда Америка сиёсати Ислом, Эрон ва шиаларга қарши курашишдан иборат", - дея баёнот берди. 

"Форс" агентлигининг хабар қилишича, Эрон ислом республикаси раҳбари Теҳронда мусулмон давлатлар элчилари, Эроннинг олий мулозимлари ва оддий фуқаролари билан учрашув ўтказган. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ етакчилари Эронни ўз сиёсатини амалга оширишдаги тўсиқ, деб баҳолашмоқда. 

Хаменеи, шунингдек, Ислом ва Эронни вайрон қилишга қаратилган сиёсати учун Вашингтонни кескин қоралади. 

"Яқинда америкаликлар Эроннинг минтақадаги сиёсати қатор санкциялар ва ўзаро алоқаларнинг кескинлашувига олиб келгани хусусида айтишган эди", -дейди Хоменеий. 

Унинг таъкидлашича, Ислом номи билан турли даҳшатли жиноятларни содир этаётганлар, Ғарб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган хоин ва пулга сотилган (террорчи) гуруҳлардир. 

"Ғарб давлатлари гўёки ИШИДга қарши коалиция тузганини даъво қилишади, аслида эса улар гуруҳга қўлдан келганча ёрдам бериб келишмоқда", - деб қайд этган Эрон диний раҳнамоси.