ИШИД жангарилари учун бундай шафқатсизликлар оддий ҳол. Ҳатто ёш болаларни махсус марказларда ваҳшийликка ўргатишади.
Бир қочоқнинг айтишича: “Суриянинг Раққа шаҳрида 6 та махсус лагер бор, улар орасида “Зарқовий арслон болалари лагери” ҳам мавжуд. Ҳар ҳафтада ушбу лагердан 25-30 бола тўлиқ ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, жаллод бўлиб етишади. ИШИДчилар машғулот пайтида асирлардан тажриба мақсадида фойдаланишади. Болалар асирларга қарата ўқ узади ёки бўйнига пичоқ тортиб қўй каби бўғизлайди”. (Айдарбек Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби, 62-бет).
Ахир Оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 23 йиллик пайғамбарлик даврларида бирор марта бўлса ҳам ёш болаларни шундай разил ишларни қилишга буюрганларми ёки кўрсатма берганларми ёки сийратларида бирор марта шундай ҳолат кузатилганми? Йўқ, албатта.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ҳайвонларни ва жониворларни (ўқ отишга) мўлжал қилинадиган нишон қилиб олишдан ҳам қайтарардилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларни ейиш мақсадида эмас, балки бекорга ўлдиришдан қайтариб шундай дер эдилар: “Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш Қиёмат куни Аллоҳ таолога: “Эй, Раббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор бир манфаатни кўзлаб ўлдирмади”, деб шикоят қилади”. (Насоий ривояти).
Шунингдек, У зот алайҳиссалом ҳайвонларни сўйишда ҳам раҳм-шафқатли, юмшоқ муносабатда бўлишни уқтирардилар. Қўйни ётқизиб, устида пичоғини ўткирлаб турган кишига: “Сен нима уни икки марталаб ўлдирмоқчисан? Уни ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмасмиди?”, деб танбеҳ берганлар. (Табароний ривояти).
Бу ҳадиси шарифларда кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ҳайвонларга нисбатан зулм қилишдан қайтармоқдалар. Ана энди айтингчи, бу ИШИДчилар махлуқотларнинг гултожиси инсониятга, бўлиб ҳам гултожнинг гавҳари бўлмиш ёшлар, гўдакларга зулм қилмоқдалар. Халифалик яъни, “ўринбосарлик”ни, Қуръон карим ва ҳадиси шарифга амал қилишни даъво қиладиган бу ғаламислар гўдакларни шундай қийноқлар исканжасига солиш мумкин эканига бирор бир далил келтира оладиларми?
Шуни унутмаслигимиз лозимки, бу дунёда қилинган заррача зулм эртага Қиёматда зулматларга айланади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига назар солсангиз, фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларидан ёш оққанлигини кўришингиз мумкин.
Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Олдиларида турган саҳобий Абдурроҳман ибн Авф: “Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ! (яъни сиз ҳам йиғлайсизми), дедилар. Ул зот: “Эй, Ибн Авф, бу раҳм-шавқатдандир”, дедилар. Бошқа ривоятда эса: “Кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти. Баъзи жумлаларини Имом Муслим ривоят қилган).







