Хитойда мажбуран электромобилларга ўтилмоқда
Тайюань шаҳри - шарқий Шаньси Хитой провинциясининг оддий маъмурий маркази. Хитойнинг бошқа шаҳарларидан ажратиб турадиган жиҳати шундаки, тез оради бу ерда ишловчи такси ҳайдовчиларнинг барчасини электромобилларга ўтказилади. Бу ҳақда шаҳар йўловчилар ташиш бўлими маълумотига таяниб, Синьхуа хабар қилди.
Хитой – аҳоли зич яшайдиган мамлакат, Тайюань шаҳри ҳам истисно эмас. Бу ерда одамлар ва машиналар жуда кўп. Такси ҳайдовчилари сонининг ўзи саккиз мингдан ортиқ. Таксопарк услубини янгилаш тўғрисида ўтган йили қарор қилинган эди.
Ҳозиргача газ ёнилғиси ҳамда бензинда ҳаракатланувчи 4 мингдан ортиқ эски таксилар замонавий ва чиройли электр автомобилларига алмаштирилди.
Шаҳар ифлосланиш даражаси камаяди, такси ҳайдовчилари эса ёқилғи қуйиш шохобчалари кассасида ўз навбатларини аввалгидек узоқ кутмайди. Чунки электромобилни зарядлаш ҳақини смартфондаги махсус илова орқали тўлаш мумкин. Бир киловатт-соат нархи тахминан 900 сўм.
Хитойнинг экологик тоза энергия манбаи ҳисобига ҳаракатланувчи автомобиллар ишлаб чиқарувчилари тобора фаоллашиб бормоқда. Шу йил январь ойидан апрелгача 94та шундай “тоза” автомобиллар ишлаб чиқарилди, улардан 70 мингдан ортиғи Хитойнинг экологик тоза автомобил қурилишининг 2/3 қисмини ташкил этувчи электромобилдир.
Хитойда ҳавонинг ифлосланиш муаммоси кескинлашган. Шиддат билан ривожланаётган ишлаб чиқариш корхоналари атроф-муҳитни шу қадар ифлослантирадики, йирик саноат марказлари осмонида доим зарарли смог (йирик саноат шахарларида тутун, қурум, кул зарралари, чанг, ёнилғи буғи кабилар аралашмасидан иборат заҳарланган ҳаво) тўпланиб туради. Уларга яна автомобилларнинг чиқинди газлари қўшилади. Шуни инобатга олиб, электромобилларга мажбурий ўтилиши шаҳарликларнинг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган курашда самара бериши кутилмоқда.